Холанд, Ройс, Мбаппе ва Мессидан дубль, Асенсиода супер гол: ЕЧЛда нималар юз берди?
Спорт
−
08 Декабрь 2021
8805Кеча, 7 декабрь куни UEFA Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг сўнгги тур учрашувлари ўтказилди. “Атлетико Мадрид” ЕЧЛ 1/8 финал босқичига йўлланмани қўлга киритган 12-жамоага айланган бўлса, “Ливерпуль” ва “Аякс” эса гуруҳдаги барча учрашувни ғалаба билан якунлади. Лионель Месси, Килиан Мбаппе, Муҳаммад Салоҳ, Себастиан Аллер, Эрлинг Холанд ва Марко Асенсио томонидан киритилган голлар эса мухлислар ёдида қолди.
“А” гуруҳи
ПСЖ 4:1 “Брюгге”
Бельгия клуби UEFA Европа лигасига йўл олиш умиди билан ўйинни бошлаган эди, бироқ 2-дақиқадаёқ Килиан Мбаппе ҳисобни очди. 7-дақиқада эса Килиан яна бир бор гол уриб, дублни нишонлади ва “Брюгге”нинг барча умидларини “пучга чиқарди”. “Олтин тўп”нинг етти карра ғолиби Лионель Месси биринчи тайм якуни олдидан суперголи билан орадаги фарқни йириклаштирди – 3:0.
Иккинчи бўлимда бельгияликлар фаоллашди ва 68-дақиқада Матс Ритс орадаги фарқни қисқартирди. Орадан кўп вақт ўтмасдан Лео пенальтини аниқ амалга ошириб, учрашувга нуқта қўйди – 4:1.
Месси Париж клуби сафида ЕЧЛ гуруҳ баҳсларида бешта гол урди ва уларнинг барчаси “Парк де Пренс”да киритилди. Мбаппе эса турнирдаги 51-ўйинида 31 марта рақиблар дарвозасини ишғол қилди.
“Лейпциг” 2:1 “Манчестер Сити”
“Брюгге”нинг мағлубияти сабаб “Лейпциг” учинчи ўринни эгаллаши мумкинлигини англатарди, аммо вақтинчалик бош мураббий Ачим Байерлорцер қўл остидаги жамоа Доминик Собослаи ва Андре Силва томонидан киритилган голлар эвазига ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқди. “Шаҳарликлар” сафида Риёд Маҳрез бир гол билан жавоб берди ва шу тариқа учрашув 2:1 ҳисобида ўз якунига етди. Гарчи мағлубиятга учраган бўлса-да, Гвардиола мураббийлигидаги “Сити” 1-ўрин билан кейинги босқичга йўл олди.
“В” гуруҳи
“Милан” 1:2 “Ливерпуль”
Италия А сериясида етакчилик қилаётган “Милан” ЕЧЛ гуруҳ баҳсларида ўз иштирокини якунлади. “Ливерпуль”га қарши баҳсдаги ғалаба жамоани 1/8 финалга олиб чиқар эди. Биринчи бўлимда Фикайо Томори мезбонларни олдинга олиб чиқди. Бироқ Алекс Окслейд-Чемберленнинг узатмасидан сўнг, Муҳаммад Салоҳ ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи таймда эса Дивок Ориги гол уриб, ливерпулликлар учун тарихий, миланликлар учун шармандали натижани таъминлади.
Гап шундаки, Юрген Клопп шогирдлари гуруҳдаги олтита ўйинда ғалаба қозонган биринчи инглиз жамоаси бўлди. “Россонерилар” эса сўнгги ўринни эгаллаб, мусобақа билан хайрлашди.
“Порту” 1:3 “Атлетико”
Учрашувнинг 56-дақиқасида дисквалификациядан сўнг, майдонга қайтган Антуан Гризманн ҳисобни очди. Учрашув асосий вақтига қўшиб берилган дақиқаларда эса Анхэль Корреа ва Родриго де Паулнинг голлари “Атлетико” учун 1/8 финал йўлланмасини кафолатлади. 96-дақиқада эса Сержиу Оливейра пенальтидан гол уриб, ҳисобни қисқартирган бўлса-да, бу ўйин натижасига таъсир кўрсатмади.
Учрашув давомида бош ҳакам Клемень Тюрпень 3 нафар футболчини қизил карточка билан “сийлади”.
“C” гуруҳи
“Боруссия Дортмунд” 5:0 “Бешиктош”
Учрашув деярли аҳамиятга эга бўлмади. Сабаби ҳар икки жамоа гуруҳда учинчи ва тўртинчи ўринда қолиши аниқ бўлиб улгурган эди. Марко Ройс ва захирадан майдонга тушган Эрлинг Холанд дублга эришган бўлса, Дониелл Мален бир марта рақиб дарвозасини ишғол қилди. UEFA Чемпионлар лигасида 19 та ўйинда майдонга тушган Холанд 23 марта ўз номини таблога ёздириб қўйишнинг уддасидан чиқди.
“Аякс” 4:2 “Спортинг”
“Аякс” ЕЧЛ гуруҳ босқичидаги барча ўйинда ғалаба қозонган биринчи Нидерландия клуби бўлди. Бироқ мағлуб бўлган “Спортинг” нимчорак финалга йўл олди. Учрашувда Себастиан Аллер, Энтони, Девид Нерес ва Стивен Бергейснинг голларига португалия клубидан Нуну Сантуш ва Бруно Соуза жавоб қайтарди. “Спортинг”нинг барча мусобақалардаги 12 ўйинлик ғалабали серияси якунланган бўлса, Аллер гуруҳ босқичидаги барча ўйинда гол урган 2-футболчи бўлди. Ундан аввал Криштиану Роналду ушбу натижага эришган.
“D” гуруҳи
“Реал Мадрид” 2:0 “Интер”
“Сантиагу Бернабеу” стадионида ўтган учрашувда “Реал Мадрид” иккита гол эвазига “нерадзуррилар”ни мағлубиятга учратиб, гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритди. 17-дақиқада Тони Кроос ҳисобни очди.
Иккинчи бўлимда Родригога нисбатан ишлатган қўполлиги учун Николо Барелла майдондан четлатилди. Захирадан майдонга тушган Марко Асенсио эса 79-дақиқада супер гол уриб, учрашув тақдирини ҳал қилди.
Шу тариқа “Қироллик клуби” “Интер”га қарши кечган сўнгги 4-ўйинни ҳам ғалаба билан якунлади.
“Шахтёр” 1:1 “Шериф”
“Шахтёр” мавсумдаги илк ғалабасига эришиши мумкин эди, бироқ сўнгги дақиқада уни қўлдан чиқарди. Биринчи тайм якунланаётганда Фернандо украиналикларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Бироқ мусобақа кашфиёти “Шериф” 93-дақиқада Бобан Николовнинг голи эвазига мағлубиятдан қутулиб қолди. Ўзбекистонлик Жасурбек Яхшибоев жароҳат сабаб ушбу учрашувни ўтказиб юборди.
Маълумот учун, бугун, 8 декабрь куни “Зенит” – “Челси”, “Ювентус” – “Мальмё”, “Бенфика” – “Динамо Киев”, “Бавария” – “Барселона”, “Вольфсбург” – “Лилль”, “Зальцбург” – “Севилья”, “Аталанта” – “Вильярреал” ва “Манчестер Юнайтед” – “Янг Бойз” учрашувлари ўтказилади.
LiveБарчаси