Холанд қандай қилиб “махлуққа” айланди?
Спорт
−
11 Октябрь 2022
3254Англиянинг “Манчестер Сити” клуби футболчиси Эрлинг Холанд доимий равишда жигар ва юракни истеъмол қилади. Бу ҳақда Холанднинг сўзларига асосланиб, "Goal" нашри ёзмоқда.
Норвегиялик футболчи Англия Премьер Лигасининг жорий мавсумида даҳшатли старт олди. Холанд 9 та учрашувда 15 та гол урди. Шубҳасиз, Холанд АПЛга барча катта рекордларни бузиб ташлаш билан таҳдид солмоқда. Унинг бу қадар кучли ўйин намойиш қилишига қатъий диетага амал қилиши ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Холанд ўзи ҳақида ишланган “Тhe Big decision” (“Катта қарор”) номли ҳужжатли фильмда ўз танасига ғамхўрлигини, шунингдек, юрак ва жигар танoвул қилишини айтган.
"Сиз [бошқалар] уни емайсиз, аммо мен танамни парвариш қилиш ташвишидаман. Менимча, иложи борича маҳаллий бўлган сифатли таомларни истеъмол қилиш энг муҳим қарордир. Одамлар гўшт сиз учун зарарли деб айтишади, лекин айнан қанақа гўшт? Сиз “McDonald's”дан оладиган маҳсулотлардаги гўштми? Ёки табиий озуқа еган сигир гўштими? Мен юрак ва жигарни ейман", деган "Сити" ҳужумчиси.
22 ёшли ҳужумчи ҳар бир уй ўйинидан олдин отаси Альф Холанд томонидан уй шароитида тайёрланган лазаньяни (италян таоми) ейди. Бош мураббий Пеп Гвардиола эса бу ҳақда “Саутгемптон”даги ғалабадан кейин ҳазиллашиб, Холанднинг голларининг сири отаси пиширган таомлар бўлса, уни “Сити” базасига олиб келишлари мумкинлигини айтган.
“Биз Эрлингнинг отасига овқат пиширишни таклиф қилишимиз мумкин. Агар бу Эрлингнинг голларининг сири бўлса, мен [раис] Халдунни (Ал-Муборак) Холанднинг отасини бу ерга олиб келишга кўндираман! Лекин менимча, бу ерда сир фақат бу эмас”, деган испаниялик мураббий.
Шунингдек, Холанд бир кунда 600 калория қабул қилади. У вақтида ухлаб, вақтида уйғонишни назоратга олади. Бунинг учун Холанд ухлашга ёрдам берадиган махсус кўзойнаклардан фойдаланади. Норвегиялик сувни махсус фильтрдан ўтказилганидан кейин ичади. Хуллас, Холанд нима қилса ҳам иш бераётгандек туюлмоқда.
Бугун, 11 октябрь куни “Манчестер Сити” Европа Чемпионлар лигасининг 4-турида Даниянинг "Копенгаген" клуби меҳмони бўлади. Албатта, данияликларга Холандни тўхтатиш осон бўлмайди. Эрлинг "Сити" таркибидаги илк расмий ўйинини Англия Суперкубоги доирасида "Ливерпуль"га қарши баҳсда ўтказган эди. Учрашув Холанд учун ўта омадсиз ўтган. У деярли бўш қолган дарвозага тўп кирита олмаган. Шундан сўнг, Холанд турли-хил мемлар қаҳрамонига айланганди. Эрлингнинг АПЛдаги даҳшатли стартидан кейин, кўпчилик "қизиллар"га қарши омадсизликни эсдан чиқариб юборди. Аммо Холанднинг ўзи ушбу ўйинни эсдан чиқармаган бўлса керак. 16 октябрь куни “Манчестер Сити” АПЛ доирасида "Ливерпуль" билан учрашади. Холанд эса ўша куни "яраланган" "Ливерпуль"га шафқат қилиш ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмаса керак.
Маълумот учун, жорий мавсум Эрлинг Холанд "Сити" сафида 13 та учрашувда майдонга тушиб, 20 та гол урди. "Тransfermarkt" портали норвегиялик ҳужумчини 150 миллион еврога баҳоламоқда.
LiveБарчаси