ХОҚ қишки Олимпиада муддатини кўчиришни кўриб чиқмоқда
Спорт
−
14:47 687 2 дақиқа
Халқаро Олимпия Қўмитаси (ХОҚ) глобал исиш ва иқлим ўзгариши сабабли келгуси қишки Олимпиада ўйинларини январь ойига кўчириш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда ХОҚ президенти Кирсти Ковентри Миланда бўлиб ўтган ХОҚ сессиясидан кейинги матбуот анжуманида маълум қилди.
Жорий йилги қишки Олимпиада ўйинлари 6-22 февраль кунлари Италиянинг Милан ва Кортина-д’Ампеззо шаҳарларида бўлиб ўтади. 2030 йилда ўйинлар Франция Альп тоғларида, 2034 йилда эса АҚШнинг Солт-Лейк-Сити шаҳрида режалаштирилган.
“Дарҳақиқат, ишчи қўмита аъзоларидан бири Олимпиадани январга кўчириш таклифини илгари сурди. Бунинг сабаби – иқлим ўзгариши, айниқса, Олимпиададан кейин март ойида ўтказилиши керак бўлган Паралимпия ўйинларини ҳисобга олсак. Бу масала муҳокама қилинмоқда, аммо ҳозирча ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган”, дейди Ковентри.
Январь ойида ўйинларни ўтказиш имкониятини ХОҚ Қишки Олимпиада мезбонлик комиссияси раиси Карл Штосс ҳам қўллаб, иқлим ўзгариши сабаб мусобақаларда спорт турлари, спортчилар ва томошабинлар сони камайиши мумкинлигини билдирди.
Ватерлоо университети профессори Даниэл Скотт ва Инсбрук университети доценти Роберт Стеигер ўтказган изланишларга кўра, ўйинларни тахминан уч ҳафта олдин бошлаш келажакдаги мусобақалар учун иқлимга чидамли жойлар сонини оширишга ёрдам беради. Бу қисман март ойида Олимпиададан икки ҳафта ўтиб бошланадиган Паралимпия ўйинлари билан боғлиқ, чунки об-ҳаво бундай тадбирлар учун жуда илиқ бўлиши мумкин.
Live
Барчаси