Хоинга чиқарилган рус боксчилари – Спорт дайжести
Спорт
−
08 Июнь
8070“Реал”га аталган “шалпангқулоқ” кубок, Трампдан Фаластиндаги урушни тўхтатишни сўраган Ҳабиб ва рус боксчиларини хоин деган Умар Кремлёв бугун диққат марказида. Ассалому алайкум. QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести.
“Реал” 15 карра ЕЧЛ ғолибига айланди
2 июнга ўтар кечаси Англия пойтахти Лондон шаҳридаги “Уэмбли” стадионида футбол бўйича Европа Чемпионлар лигасининг (ЕЧЛ) финал баҳси бўлиб ўтди. Ҳал қилувчи ўйинда Мадриднинг “Реал” клуби Дортмунднинг "Боруссия"си билан куч синашиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Учрашувда голларни 74-дақиқада Дани Карвахаль ва 83-дақиқада Винисиус Жуниор киритди.
Шундай қилиб, мадридликлар ўз тарихида 15-маротаба ЕЧЛ бош совринига эга чиқди. Бу борада “Реал” энг яқин таъқибчиси Италиянинг “Милан” клубини 8 та совринга ортда қолдирмоқда. “Қизил-қоралар” ҳисобида 7 та ЕЧЛ соврини бор.
Шунингдек, “Реал” аъзолари Дани Карвахаль, Тони Кроос, Начо Фернандес ва Лука Модрич 6 марта ЕЧЛда ғолиб бўлиб, бу борада яққол рекордчига айланди.
Ислом Махачев учинчи марта чемпионлик камарини ҳимоя қилди
2 июнь тонгида АҚШнинг Ньюарк шаҳрида аралаш яккакурашлар бўйича UFC 302 турнири бўлиб ўтди. Асосий баҳсда ташкилотнинг енгил вазн тоифаси чемпиони (70 кг гача) россиялик Ислом Махачев америкалик Дастин Порьега қарши ўз чемпионлик камарини ҳимоя қилди.
Жанг беш раунд давом этди ва раундларнинг охиргисида Махачев бўғилиш услуби билан ғалаба қозонди. Шу тариқа Ислом Махачев енгил вазн тоифасида қаторасига учинчи бор чемпионлик камарини ҳимоя қилди.
Октябрь ойида у БАА пойтахти Абу-Дабида бўлиб ўтган UFC 294 мусобақасида ўзининг охирги ҳимоя жангида австралиялик Алекс Волкановскини биринчи раунддаёқ техник нокаутга учратганди. Ҳозир Махачев ҳисобида 26 ғалаба ва битта мағлубият бор.
Порье ҳисобида эса 30 ғалаба ва 9 мағлубият бор.
Файзуллаев ЦСКАнинг май ойидаги энг яхши футболчиси бўлди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Аббосбек Файзуллаев ЦСКАнинг май ойидаги энг яхши футболчиси деб топилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Мухлислар ўртасида ўтказилган овоз бериш жараёнларида ўзбекистонлик футболчи 46 фоиз овоз тўплади. Бу борада Аббосбек 23 фоиз овоз йиғган Темурлан Мусаев ва 10 фоизлик натижага эга бўлган Фёдр Чаловни ортда қолдирди.
20 ёшли Файзуллаев бунгача бир неча марта клубида ойнинг энг яхши футболчиси деб топилган. Ортда қолган мавсум футболчи “армиячилар” сафида 4 та гол урди ва 7 та голли узатмани амалга оширди.
“Брентфорд” Муҳаммадали Ўринбоев билан хайрлашди
Англиянинг “Брентфорд” клубида ижара асосида тўп тепаётган ўзбекистонлик футболчи Муҳаммадали Ўринбоев жамоани тарк этди. Бу ҳақда футболчининг ўзи QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
“Брентфорд” 19 ёшли Ўринбоевни “Пахтакор”дан ижарага олганди ва уни сотиб олиш имкониятига эга эди, бироқ инглиз клуби сотиб олиш опциясини фаоллаштирмади ва Ўринбоевдан ташқари яна 10 нафар футболчи билан хайрлашди.
“Брентфорд”нинг таклифи менга тўғри келмади, мен асосий жамоада ўйнамоқчиман”, дейди Ўринбоев.
Маълум бўлишича, Ўринбоев 1 июнь куни Ўзбекистон U-20 терма жамоаси сафида халқаро ўртоқлик турнирида иштирок этиш учун Хитойга йўл олган.
Кремлёв рус боксчиларини хоин деб атади
Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) президенти Умар Кремлёв июль ойида бошланадиган Париж Олимпиадасига нейтрал мақомда боришга рози бўлган рус боксчиларини кескин танқид қилди.
“Нейтрал мақомда боксда қолиш ёки боксдан кетиш танлови бўлса, мен кетишни танлардим. Фарзандларимизга байроқсиз ва мадҳиясиз рингга чиқишни айтишдан уяламан. Бизнинг она Россиямиз бор ва биз унинг тарафида туришимиз керак. Байроқсиз аренага чиқишга рози бўлганларни тушунмайман. Бу худди онангизни ташлаб кетишдек гап. Улар пул ва шон-шуҳрат учун курашадиган хоинлардир”, дейди Кремлёв.
Маълумот учун, Халқаро Олимпия қўмитаси 2023 йил 8 декабрда янги қонун қабул қилиб, унга кўра Россия ва Беларусь спортчиларига фақат индивидуал спорт йўналишларида, нейтрал мақомда мусобақада иштирок этишига рухсат берганди.
Нурсултон Рўзибоев UFC билан янги шартнома тузди
Ўзбекистонлик UFC жангчиси Нурсултон Рўзибоев Ultimate Fighting Championship (UFC) билан янги шартнома имзолади. Бу ҳақда спортчининг ўзи QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Янги шартномага кўра, 30 ёшли Рўзибоев ташкилотда яна 4 та жанг ўтказиш имкониятига эга. Ўзбекистонлик жангчи эски шартномаси бўйича UFC’да яна 1 та жанг ўтказади.
Маълумот учун, Нурсултон Рўзибоев 2023 йил 1 июль куни ташкилотда дебют қилган. Ҳозиргача у UFC'да 3 та жанг ўтказиб, 2 тасида ғалаба қозонган, 1 та жангда эса имкониятни бой берган.
ЖЧ саралаши: Ўзбекистон Туркманистон устидан ғалабага эришди
6 июнь куни футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионатига саралаш босқичи доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Туркманистон миллий терма жамоасига қарши баҳс олиб борди.
Тошкентдаги "Бунёдкор" стадионида бўлиб ўтган ўйинда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Туркманистон устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ушбу учрашувда киритилган голларга Ўзбекистон миллий терма жамоасидан Ҳусниддин Алиқулов, Остон Урунов ва Шерзод Насруллаев, Туркманистон миллий терма жамоасидан Шаназар Тиркишев муаллифлик қилди.
Маълумот учун, Жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Эрон миллий терма жамоасига қарши 11 июнь куни Теҳронда баҳс олиб боради.
Роналдунинг Мбаппега ёзган изоҳи ижтимоий тармоқлар рекордини ўрнатди
Португалиялик футболчи Криштиану Роналдунинг франциялик Килиан Мбаппенинг Instagram'даги пости остидаги изоҳи лайклар сони бўйича ижтимоий тармоқ рекордини ўрнатди. Бу ҳақда “Daily Mail” нашри хабар берди.
3 июнь куни Мбаппе Испаниянинг “Реал Мадрид” клубига ўтди. Трансфер эълон қилингандан сўнг, футболчи “қироллик клуби” атрибутларидаги болаликдаги фотосуратларини Instragram'га жойлаштирди, постда Мбаппенинг Роналду билан тушган сурати ҳам бор.
Португалиялик футболчи изоҳлар бўлимига “Энди кузатиш навбати меники. Мен сени “Сантьяго Бернабеу”ни ларзага келтираётганингни кўришни хоҳлайман. Ҳала Мадрид”, деб ёзиб қолдирди.
Роналдунинг ушбу изоҳи 5 миллиондан ортиқ лайк олди.
Маълумот учун. Мбаппе 25 ёшда. У охирги мавсумни ПСЖда ўтказди. У Париж клуби таркибида беш карра Франция чемпиони, уч карра мамлакат кубоги ва суперкубоги соҳибига айланди ва икки марта Лига кубогини қўлга киритди. Футболчи ўз вақтида Франциянинг бошқа бир клуби “Монако”да ҳам ўйнаган, у ерда Киллиан Франция чемпионлигини қўлга киритган. Франция терма жамоаси билан биргаликда Жаҳон чемпионати ғолиби (2018) ва кумуш медали (2022) соҳибига айланди.
Рэп қироли Мадримов-Кроуфорд жанг қиладиган турнирда чиқиш қилади
Машҳур рэппер Эминем ўзбекистонлик Исроил Мадримов ва америкалик Теренс Кроуфорд жанг қиладиган оқшомнинг махсус меҳмони бўлади. Бу ҳақда “Riyadh Season” спорт мусобақалари ташкилоти ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар берди.
Мадримов ва Кроуфорд жанги 3 август куни Америка Қўшма Штатларининг Лос-Анжелес шаҳрида ўтказилади. Ушбу жангда ўртага Мадримовга тегишли WBA чемпионлик камари ҳамда биринчи ўрта вазнда вакант, яъни эгасиз бўлиб турган вақтинчалик WBO камари қўйилади.
Америкалик машҳур рэп устаси Маршалл Брюс Мэтерс III – Эминем бокс кечасида ўз қўшиқлари билан чиқиш қилади.
Маълумот учун, рэп қироли деб таърифланадиган Эминем ҳозирда 51 ёшда. Унинг юзлаб рэплари хит даражасига чиққан. Эминем 2022 йилдан Рок-н-ролл шон-шараф зали аъзоси ҳисобланади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь