Хитойда уч нафаргача фарзанд кўришга рухсат берилди

Олам

image

Бугун, 20 август куни Хитойнинг Бутунхитой халқ вакиллари конгресси (парламент) доимий қўмитаси фуқароларга уч нафаргача фарзанд кўришга рухсат берди. Бу ҳақда “ТAСС” хабар бермоқда.

Қайд этилишича, ушбу фармон “Aҳоли ва туғилишни режалаштириш тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришлар доирасида қабул қилинган.

Унга кўра, давлат аҳоли ўртасида никоҳ сони ортиши ва болаларнинг туғилишига кўмаклашмоқчи. Бундан ташқари, давлат болали ёш оилаларга молиявий, солиқ, суғурта, таълим ва уй-жой имтиёзларини жорий этади. Шунингдек, ота-оналарнинг ёш авлоднинг туғилиши, тарбияси ва таълим хизматлари харажатларини камайтиради.

Маҳаллий ҳокимият органлари ва иш берувчилар ёш болаларни тарбиялаётган ходимларга қўшимча таътил беришлари тавсия этилади. Хитой ҳукуматининг режаларида ёш оилаларга субсидияли уй-жой бериш ҳамда уч ёшгача болаларни боқиш харажатлари учун солиқ имтиёзлари бериш масаласи кўриб чиқилади.

Маълумот ўрнида, 1970-йилларнинг ўрталаридан бошлаб ХХР туғилиш даражасини чеклаш бўйича “бир оила — бир бола” сиёсатини олиб борди.

Бироқ, мамлакат аҳолисининг тез қариши туфайли 2008-2009 йилларда Хитой ҳукумати эр-хотинларга икки фарзандли бўлишга рухсат берди. 2016 йил 1 январдан бошлаб ХХРда барча хитой оилаларига икки фарзанд кўришга рухсат берувчи қонун кучга кирди.

2020 йил охирида ХХР аҳолиси 1,41 миллиард кишини ташкил этди. 60 ёшдан ошган фуқаролар улуши 18,7 фоизга етди. 

Хитойлик демографларнинг прогнозларига кўра, агар ҳозирги тенденция ўзгармаса, 2050 йилга келиб Хитойда 60 ёшдан ошган 487 миллионга яқин одам бўлади. Бошқача айтганда, қариялар 1,4 миллиард аҳолининг 35 фоизини ташкил қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

116

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг