Хитойлик таҳлилчилар АҚШни провокацион ҳаракатларда айблади
Олам
−
04 Февраль 2023
6261Хитойлик таҳлилчилар кеча, 3 февраль куни АҚШдан Хитойга юборилган сўнгги сигналлар бутунлай тартибсиз бўлиб, бу аллақачон кескинлашган икки томонлама муносабатларга кўпроқ ноаниқлик олиб келиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда “The Global Times” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, хитойлик олимлар АҚШни Хитойга қарши провокацион ҳаракатлар қилиш ўрнига, Хитой билан муносабатларни ўрнатишда самимийроқ бўлишга чақирган. Гап Пентагон томонидан Хитойга тегишли “жосус шар” АҚШ ҳаво ҳудудида пайдо бўлгани ҳақидаги хабарлар тарқатилганига бориб тақалади.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби ҳаво шари Хитойга тегишли эканини, бироқ ундан жосуслик мақсадларида эмас, балки метеорологик тадқиқотлар учун фойдаланилганини, шарнинг ўз-ўзини бошқариш имкони чеклангани сабабли ғарбий ҳаво таъсирига учраганидан сўнг, у режалаштирилган йўналишдан четга чиқиб кетганини айтган.
“Хитой томони форс-мажор ҳолатлари туфайли дирижаблнинг АҚШ ҳаво ҳудудига кўзда тутилмаган ҳолда кириб келганидан афсусда ва АҚШ томони билан алоқани давом эттиради ҳамда форс-мажор ҳолатлари туфайли юзага келган бу кутилмаган вазиятни тўғри ҳал қилади”, деган матбуот котиби.
Хитойлик таҳлилчиларнинг айтишича, тахминан учта автобус катталигига тенг бўлган ҳаво шари анча юқори баландликда ҳаракатланади ва ердаги одамлар учун ҳарбий ёки жисмоний хавф туғдирмайди. Шунингдек, улар фактлар аниқ бўлишидан олдин, АҚШ ҳарбийлари ва оммавий ахборот воситалари Хитойни жосусликда айблаб, воқеани АҚШнинг “Хитой таҳдиди” ҳақидаги сўнгги шов-шувини янги босқичга олиб чиққанидан норози.
Шунингдек, улар халқаро ҳамжамият дунёнинг энг йирик иқтисодиётига эга икки давлатдан пандемиядан кейинги даврда глобал ривожланишни кучайтириш учун юқори даражадаги ўзаро таъсирлар орқали кескинликни юмшатишини кутаётган бир пайтда, АҚШни Хитой билан муаммоларни ҳал қилиш учун аниқ ҳаракатлар қилишда самимийроқ бўлишга чақирган.
“Юқори даражадаги алоқаларни сақлаб қолиш икки томонлама муносабатларни яхшилашга ёрдам беради, аммо ички сиёсатидан чуқур таъсирланган Вашингтон юқори раҳбар томонидан ижобий мажбуриятлар ва муносабатларни янада хавф остига қўядиган доимий ҳаракатлар билан бутунлай тартибсиз сигналларни юборди, бу эса Хитой-АҚШ алоқаларида ноаниқликларни келтириб чиқарди”, деди Хитой Ташқи ишлар университети профессори Ли Хайдон.
Таъкидлаш жоизки, “Хитой таҳдиди” ошаётган ушбу ҳафта ичида АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Хитойга қўшни давлатлар, Жанубий Корея ва Филиппинда ҳарбий машғулотларни кучайтириб, АҚШ қўшинларининг Жануби-Шарқий Осиёдаги базаларга кенгроқ киритиш билан шуғулланаётган эди.
Хитой атрофида АҚШ ҳарбийлари мавжудлигини билдиришдан ташқари, Қўшма Штатлар Хитойни юқори технологиялар бўйича бўғиш сиёсатини ҳам кучайтирган. Масалан, америкалик фирмалар учун Хитойнинг технология гиганти Huawei компаниясига кўплаб маҳсулотларни экспорт қилиш учун лицензияни тўхтатган. Шунингдек, Хитойга илғор чип ишлаб чиқариш ускуналари экспортини чеклашда Нидерландия ва Японияни АҚШга қўшилишга мажбурлаган. Бу ҳам етмагандай, АҚШ Россия-Украина ҳарбий можаросининг бир йиллиги арафасида Тайван оролидаги муаммоларни тинимсиз кўтариб келмоқда.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси