Хитойда сунъий интеллект ёлғон маълумот бергани учун судга берилди

Олам

image

Хитойда фойдаланувчи чат-ботни нотўғри маълумот бергани учун судга берди, бироқ компенсация ундириб ололмади. Бу ҳақда “Allesasia” хабар берди

Нашрга кўра, бу иш Хитойда генератив сунъий интеллект фаолиятидаги хатолар билан боғлиқ илк суд жараёни бўлган. Қайси чат-бот жавобгар сифатида иштирок этгани аниқлаштирилмаган.

Даъвогар Лян фамилияли фойдаланувчи чат-ботдан бир университетга кириш масаласи бўйича маълумот олиш учун фойдаланган. Сунъий интеллект унга олий таълим муассасасининг асосий кампуси ҳақида нотўғри маълумот берган. Фойдаланувчи бу хатони кўрсатганига қарамай, чат-бот ўз жавобида туриб олган ва ҳатто агар маълумот нотўғри бўлиб чиқса, суд орқали 100 минг юань (тахминан 14 минг доллар) тўлашга тайёр эканини билдирган.

Шундан сўнг абитуриент Ханчжоу интернет судига мурожаат қилиб, сунъий интеллект томонидан берилган нотўғри ахборот уни олийгоҳга кириш бўйича қарор қабул қилишда чалғитганини таъкидлаган. Унинг фикрича, бу ҳолатда унинг ҳуқуқлари бузилган ва жавобгарлик чат-ботни ишлаб чиққан компания зиммасига тушиши керак эди.

Фойдаланувчи компаниядан 9 999 юань (тахминан 1,4 минг доллар) ундиришни талаб қилган. Бироқ, суд даъвони рад этган. Суд қарорига кўра, абитуриент реал моддий зарар кўрмаган, сунъий интеллектнинг хатоси ва ваъдалари эса ҳуқуқий мажбурият сифатида баҳоланмайди. Суд, шунингдек, генератив сунъий интеллект аниқ маҳсулот эмас, балки контент яратиш хизматини тақдим этишини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Корея сунъий интеллектдан (СИ) хавфсиз фойдаланишни тартибга солувчи кенг қамровли қонунни расман қабул қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой сунъий интеллект

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг