Хитойда ШҲТ тадбирлари бошланди
Жамият
−
31 Август 8053 2 дақиқа
Бугун, 31 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан бирга Тяньцзинь шаҳридаги “Мэйцзян” конгресс марказида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитининг норасмий тадбирларида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Унда Хитой Раиси Си Цзиньпин, Россия Президенти Владимир Путин, Беларусь фуқароси Александр Лукашенко, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурелсух, Миср, Камбоджа, Непал, Арманистон ҳукуматлари раҳбарлари ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам қатнашди.
Президент Мирзиёев ва рафиқаси Зироатхон Мирзиёевани Хитой Раиси Си Цзиньпин ва рафиқаси самимий кутиб олди. Шундан сўнг хорижий етакчиларга ШҲТнинг Тяньцзинь саммитига бағишланган концерт дастури намойиш этилди.
ШҲТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни устувор йўналишларда янада ривожлантириш ва ташкилот фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинади. Шунингдек, Тяньцзинь декларацияси, қўшма ҳужжат ва қарорлар қабул қилиниши режалаштирилган.
2 сентябрь куни Пекин шаҳрида Мирзиёев Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказади, шунингдек, Хитой расмий шахслари ва етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказади. Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, 30 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан рафиқаси Зироатхон Мирзиёева билан бирга расмий ташриф билан Тяньцзинь шаҳрига борганди. Биньхай халқаро аэропортида давлат раҳбарини Хитой Транспорт вазири Лю Вэй ва бошқа расмийлар кутиб олганди.
Live
Барчаси