Хитойда порахўр собиқ вазир умрбод қамалди
Олам
−
02 Февраль 3385 2 дақиқа
Бугун, 2 февраль Хитойда собиқ адлия вазири Тан Йичун пора олишда айбдор деб топилди ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Хитой Олий халқ суди маълум қилди.
Хитой Олий халқ суди ҳукмига кўра, собиқ вазир жами 137 миллион юань (ҳозирги курс бўйича тахминан 19,6 миллион АҚШ доллари – таҳр.) миқдорида пора олганликда айбланган. Суд ҳукмига биноан у сиёсий ҳуқуқлардан умрбод маҳрум қилинган ва унинг барча шахсий мулки мусодара қилинади.
Олий халқ судининг расмий веб-сайтида собиқ вазирнинг хатти-ҳаракатлари давлат ва халқ манфаатларига, айниқса катта зарар етказгани қайд этилган. Айбланувчи ўз айбини тан олган, тергов билан ҳамкорлик қилиб, пушаймон бўлганини билдирган.
Шуни таъкидлаш керакки, Хитойда коррупцияга қарши кураш 2012 йилда Си Цзиньпин ҳокимият тепасига келганидан бери янада кучайди. Сўнгги йилларда кенг кўламли кампания натижасида кўплаб одамлар, жумладан, юқори лавозимли амалдорлар лавозимларидан четлаштирилди ва турли муддатларга, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Жорий йилнинг январь ойида Хитой раҳбари 2026-2030 йилларни қамраб олувчи ўн бешинчи беш йиллик режа даврида коррупцияга қарши чораларни кучайтиришни буюрди.
64 ёшли Танг Йижун 2020 йилдан 2023 йилгача Хитой адлия вазири бўлган ва фаолияти давомида турли лавозимларда, жумладан, Ляонин провинцияси губернатори ва Нингбо шаҳри Хитой Коммунистик партияси (ХКП) раҳбари лавозимларида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда 73 киши порахўрлик учун футболдан умрбод четлатилган эди.
Live
Барчаси