Хитой ядровий қуроллар сонини кескин равишда оширмоқда – Пентагон
Олам
−
30 Ноябрь 2022
4908Кеча, 29 ноябрь куни Пентагон томонидан Хитойнинг Ҳарбий Қуввати тўғрисида ҳисобот эълон қилинди. Унда Хитойнинг ядровий қуроллари сони кескин равишда ошиб бораётгани қайд этилган. Бу ҳақда CNN нашри хабар берди.
2020 йилда Пентагон Хитойда камида 200 та ядровий каллаклар борлигини ва ўн йил ичида ушбу захиралар икки бараварга кўпайишини тахмин қилганди.
Ҳозир эса атиги икки йилдан сўнг, Хитой ядровий каллаклари сони 400 га етди. Қайд этилишича, агар улар ўз захираларини ҳозирги суръатда кенгайтиришда давом этса, 2035 йилга келиб 1500 га яқин ядровий каллакларга эга бўлaди.
Пекиннинг ҳарбий саноатда ядровий қуролларни кўпайтиришга қаратилган сиёсати Вашингтоннинг хавотирига сабаб бўлмоқда. Хусусан, ўтган ой эълон қилинган 2022 йилги АҚШ Миллий мудофаа стратегиясида ҳам Хитой АҚШ учун ривожланиш муаммоси сифатида белгиланди.
“Хитой геосиёсий жиҳатдан АҚШ учун жиддий муаммо бўла оладиган кучга эга ягона давлатдир. Аҳолиси, технологияси, иқтисодиёти ва бошқа бир қанча нарсаларга асосланиб, Хитой АҚШ учун энг катта геосиёсий муаммодир”, дейди АҚШ бирлашган қўмондонлиги раиси генерал Марк Милли.
Шунингдек, расмийлар Хитойнинг 2021 йил июль ойида бутун дунё бўйлаб учиб ўтган гипертовушли ракетани синовдан ўтказгани ҳақида янги тафсилотларни тақдим этган. Қайд этилишича, Хитойнинг гипертовушли ракета тизими 40 минг километр масофани босиб ўтган ва шу кунгача Хитойнинг қуруқликдаги ҳужум қуроллари орасида энг узоқ парвозни намойиш этган.
Таъкидлаш жоиз, Халқ озодлик армияси номи билан танилган Хитой армияси космик қуролларни ҳам ишлаб чиқмоқда. Хитойнинг ҳарбий соҳада шу каби илғор технологиялардан фойдаланаётгани минтақавий ҳарбий можароларга ташқи аралашувни олдини олиш усули сифатида изоҳланган.
Маълумот учун, Хитой қарийб 1 миллион аскардан иборат доимий армияга, кемалар сони бўйича дунёдаги энг катта денгиз флоти ва дунёдаги учинчи йирик ҳаво кучларига эга давлатдир.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси