Хитой космосга атроф-муҳитни назорат қилувчи сунъий йўлдош учирди
Олам
−
13 Октябрь 2022
3986Хитой атроф-муҳит мониторинги ва фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун мўлжалланган С-САР01 сунъий йўлдошини муваффақиятли учирди. Бу ҳақда “Синьхуа” ахборот агентлиги хабар берди.
Икки босқичли СЗ-2С ракетаси бугун, 13 октябрда Пекин вақти билан соат 06:53 да Хитой шимолидаги Шэньси провинциясидаги Тайюан космодромидан учирилди.
Қайд этилишича, қурилма 5 метр ўлчамдаги С-диапазонли радар тасвири маълумотларини қабул қилиб Хитойнинг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлигига тақдим этади.
“Сунъий йўлдош табиий офатлар ҳақида огоҳлантиради ва оқибатларини юмшатиш ишларига ёрдам беради. Олинган маълумотлар қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги, зилзила мониторинги ва бошқа соҳаларда қўлланилади,” дейди Хитой Халқ Республикаси Миллий космик бошқармаси.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида Хитой ва БАА ўртасида Араб Космик кемаси “Рашид 2” нинг Хитойнинг “ Chang’e-7” миссияси билан бирга ойга етказиб беришни назарда тутувчи ўзаро бирлашиш меморандуми имзоланган эди.
Шунингдек, июль ойида ҳам Хитой миллий орбитал станцияда Вентиан лаборатория модулини муваффақиятли ишга туширган эди.
Темур Жумаев
LiveБарчаси