Хитой Қозоғистонга ёрдам беришга тайёр – Си Цзинпин
Олам
−
25 Январь 2022
6468Хитой Халқ Республикаси январь ойида юз берган тартибсизликлардан зарар кўрган Қозоғистонни қўллаб-қувватлаш ва ёрдам беришга тайёр. Бу ҳақда Хитой раиси Си Цзиньпин “Марказий Осиё – ХХР” онлайн саммитида маълум қилди.
“Биз барчамиз ташқи кучларнинг минтақада рангли инқилобни руҳлантиришга, инсон ҳуқуқлари баҳонасида ички ишларга аралашишга, халқларимизнинг тинч ҳаётига путур етказишга уринишларига кескин қаршимиз. Қозоғистондаги сўнгги тартибсизликлар аҳолининг катта йўқотишларига олиб келди. Қозоғистоннинг қўшниси ва дўсти сифатида биз мамлакатнинг зўравонликни тугатиш ва вазиятни барқарорлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қатъий қўллаб-қувватлаймиз. Хитой Қозоғистонга зарур ёрдам кўрсатишга тайёр. Ишончим комилки, Президент Тўқаевнинг раҳбарлиги остида Қозоғистон халқи ўз мамлакати учун ёрқин келажакни очади”, дейди Си Цзиньпин.
Саммитда сўзга чиққан Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Хитой ва Марказий Осиё давлатларига кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдорлик билдирди.
“Мен Хитой БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатида Евроосиё маконида тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни мустаҳкамлашда жуда муҳим роль ўйнашига ишонаман. Бу, айниқса, терроризм, экстремизм ва трансмиллий жиноятларга қарши курашда тўғри келади. Бу менинг мамлакатим учун алоҳида аҳамиятга эга.
Январь ойининг биринчи кунларида Қозоғистон террорчиларнинг тажовузкорлиги ва шафқатсизлиги оқибатида мисли кўрилмаган ҳолатларга дуч келди. Биз давлат ва халқ сифатида бу фожиали воқеалардан керакли сабоқ олдик ва, албатта, тезда тикланамиз. Ҳозир биз давлат бошқарувини, миллий хавфсизлик тизимини ва иқтисодий сиёсатни форматлаш ҳамда ислоҳ қилиш бўйича фаол ишлаяпмиз. Биз янги Қозоғистонни қуришни бошладик”, дейди Тўқаев.
LiveБарчаси