Хитой Германияга қарши демарш эълон қилди
Олам
−
26 Апрель
14806Пекин Хитойга нисбатан жосуслик айбловлари юзасидан Берлинга қарши демарш эълон қилди. Бу ҳақда бугун, 26 апрель куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ван Вэньбинь брифингда маълум қилди.
"Хитой жосуслиги дейилаётган иш кутилмаганда пайдо бўлди. Хитой асоссиз айбловлар туфайли немис томонига демарш эълон қилди", дейди Ван Вэньбинь.
Унинг таъкидлашича, Пекин Берлиндан Хитойга туҳмат қилингани ва икки давлат орасидаги муносабатларга путур етказишга уринишга қарши ҳушёр туришни талаб қилади.
"Биз ғаразли чайқовчиликка зудлик билан барҳам беришни ва Хитойга қарши сиёсий фарсга чек қўйишни талаб қиламиз", дейди у.
Маълумот учун, 22 апрель куни Германия Бош прокуратураси уч нафар Германия фуқароси Хитой разведка хизматлари билан алоқадорликда гумон қилиниб, ҳибсга олинганини маълум қилди. Кейин идора Дрезденда Европарламентнинг немис аъзоларидан бирининг Хитой разведка хизматлари билан ҳамкорликда гумонланиб ҳибсга олингани ҳақида маълум қилди. “Die Zeit” газетаси манбаларга таяниб, гап Европарламентга сайловларда ўнг партиялар рўйхатини бошқараётган “Германия учун муқобил” партиясидан депутатнинг ёрдамчиси Максимилиан Кра ҳақида кетаётганини маълум қилди. Германия канцлери Олаф Шольцнинг айтишича, европалик депутат ёрдамчисининг жосусликда гумонланиб ҳибсга олиниши хавотирли. Мазкур можаро фонида 23 апрель куни Хитой муваққат ишлар вакили Германия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги эса Германиянинг Пекиндаги элчиси Патрисия Флорни чақиртирган.