Хитой Австралия, Британия ва АҚШни Океанияни ҳарбийлаштиришда айблади

Олам

image

Буюк Британия ва Америка Қўшма Штатлари томонидан қўллаб-қувватланган Австралия Тинч океанининг жанубий қисмини ҳарбийлаштириш бўйича шаффоф бўлмаган сиёсат олиб бормоқда, бу минтақадаги вазиятни беқарорлаштириш хавфини оширади. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Чжао Лицзянь маълум қилди, деб ёзади ТАСС.

“Австралия АҚШ ва Буюк Британия билан биргаликда минтақада ҳарбий блок тузади ва Океания давлатлари билан тегишли масалаларни муҳокама қилмасдан қуролланиш пойгасини рағбатлантиради”, дея таъкидлаган у бугун, 11 май куни бўлиб ўтган брифингда Австралия томонининг фаоллашувдан хавотирини изоҳлар экан.

Хитой дипломатига кўра, Ғарб ўз ҳаракатлари билан хавфларни ошириб, минтақадаги вазиятни беқарорлаштирмоқда.

“Австралия ношаффоф сиёсат олиб бормоқда ва яширин манипуляцияга ўтмоқда. Минтақа давлатлари бундан жуда хавотирда”, деган Чжао Лицзянь.

Унинг аниқлик киритишича, Австралия томони “ўз хатоларини қайта кўриб чиқиши ва сиёсатни ўзгартириши” керак.

Апрель ойи охирида Оқ уй агар ХХР Сулаймон ороллари билан хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишувга кўра, Хитой ҳарбий объектларини ушбу мамлакат ҳудудига жойлаштирса, Қўшма Штатлар муносабат билдириши ҳақида огоҳлантирган эди.

Маълумот учун, 25 апрель куни архипелагга Америка делегацияси ташриф буюрди, унинг таркибига оқ уй Миллий хавфсизлик Кенгашининг Ҳинд океани масалалари бўйича координатори Курт Кэмпбелл, Давлат котибининг Шарқий Осиё ва тинч океани масалалари бўйича ёрдамчиси Даниел Критенбринк, Pentagon ва АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги вакиллари кирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

153

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг