Хитой АҚШнинг икки компаниясига нисбатан санкция жорий этди
Олам
−
21 Февраль 2022
10157Хитой ҳукумати Американинг “Raytheon Technologies” ва “Lockheed Martin” компанияларига Тайванга қурол етказиб бергани учун санкциялар жорий этишга қарор қилди. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ван Вэньбинь маълум қилди.
“Хитой ҳукумати “ХХР суверенитети ва унинг хавфсизлик манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида хорижий санкцияларга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, Тайванга узоқ вақтдан буён қурол етказиб беришда иштирок этиб келаётган АҚШнинг “Raytheon Technologies” ва “Lockheed Martin” мудофаа компанияларига қарши чоралар кўришга қарор қилди", дея таъкидлайди у.
Хитой ТИВ расмий вакили АҚШни Тайванга қурол етказиб беришни тўхтатишга ва Тайвань билан барча ҳарбий алоқаларни узишга чақирган. Унинг таъкидлашича, Тайванга қурол сотиш “ягона Хитой” тамойилини қўпол равишда бузади, Хитой суверенитети ва хавфсизлик манфаатларига, Пекин ва Вашингтон ўртасидаги икки томонлама муносабатларга, шунингдек, Тайвань бўғози ҳудудида тинчлик ва барқарорликка жиддий зарар этказади.
Аввалроқ, Хитой Халқ Республикаси Давлат Кенгашининг Тайвань ишлари бўйича бошқармаси матбуот котиби Чжу Фенлян орол маъмурияти раҳбари ўринбосари Уильям Лай (Лай Циндэ) Гондурасда АҚШ вице-президенти Камола Харрис билан учрашганига изоҳ берар экан, Хитой Қўшма Штатларни Тайвань масаласида олов билан ўйнашни тўхтатишга чақирганди.
ХХР марказий ҳукумати ва унинг Тайвань ўртасидаги расмий муносабатлар 1949 йилда, Хитой Коммунистик партияси билан фуқаролар урушида мағлубиятга учраган Чанг Кайши бошчилигидаги Гоминдан қўшинлари Тайванга кўчиб ўтгандан сўнг узилган. Орол ва материк Хитой ўртасидаги бизнес ва норасмий алоқалар 1980-йилларнинг охирида қайта тикланди. 1990-йилларнинг бошидан бошлаб томонлар нодавлат ташкилотлар – Тайвань бўғози орқали алоқаларни ривожлантириш бўйича Пекин ассоциацияси ва Бўғозлар бўйлаб алмашинув бўйича Тайпей жамғармаси орқали алоқа ўрнатишни бошладилар.
LiveБарчаси