Хитой АҚШнинг бурни тагида ҳарбий маркази қуриши мумкин
Олам
−
20 Июнь 2023
17960Хитой Куба билан ҳарбий ўқув лагерини қуриш бўйича келишувга эришишга яқин турибди, бу эса оролда Хитой қўшинларининг доимий жойлаштирилишига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда АҚШ расмийлари ва разведка хизматларидаги манбаларга таянган ҳолда “The Wall Street Journal” хабар берди.
Айтилишича, Пекин ва Гавана бу борадаги музокараларнинг илғор босқичида турибди. Америкалик расмийлар эса янги объект Пекинга доимий қўшинларни АҚШ қирғоқларидан атиги 100 миль (160 км) узоқликда жойлаштириш, шунингдек, АҚШ разведка маълумотларини йиғиш, телефонларни тинглаш имконини беришидан хавотирда. Шунинг учун ҳам Байден маъмурияти Куба расмийлари билан боғланиб, келишувга тўсқинлик қилишга уринган.
Манбада келтирилишича, Хитой ва Куба оролда тўртта тингловчи станцияни ўз ичига олган разведка тармоғига эга. Баъзи расмийлар бу вазиятни Пекин томонидан АҚШнинг Тайвань билан алоқаларига жавобан қилинаётган ҳаракат деб баҳоламоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, Хитойнинг материк қирғоқларидан Тайвангача бўлган масофа Куба ва Флорида орасидаги масофа билан бир хил.
Қайд этиш жоизки, олдинроқ ҳам Кубада Хитой объекти пайдо бўлиб, унда жойлашган кўплаб ҳарбий базалар АҚШнинг жануби-шарқий қисмида электрон хабарларни тинглаш, шунингдек, Америка кемаларининг ҳаракатини кузатиш билан шуғилланаётгани ҳақида хабарлар тарқалган. Бироқ кўп ўтмай, Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби бундай маълумотларини нотўғри деб атаган. Куба Ташқи ишлар вазири ўринбосари Карлос Фернандес де Коссио ҳам мазкур хабарларни “ёлғон ва асоссиз” деб баҳолаган. Ўз навбатида Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Кубадан АҚШга қарши жосуслик қилгани ҳақидаги хабарларни рад этган. 12 июнь куни эса Кирби АҚШ маъмурияти Хитойнинг Кубадаги базаси самарадорлигини камайтириш чораларини кўраётганини айтган. База масаласи АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг 18-19 июнь кунлари бўлиб ўтган Хитойга ташрифи чоғида муҳокама қилинган.
LiveБарчаси