Хитой АҚШ талабини бажарди ва ўз шартини айтди

Олам

image

Бугун, 25 июль куни АҚШнинг Хьюстон (Техас штати) шаҳридаги Хитой Бош консулхонасин ходимлари Американинг талабига кўра бинони тарк этди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

ХХР бунга жавобан кеча, 24 июль куни АҚШдан Чэнду (Сичуан провинцияси) шаҳридаги консулхонасини 72 соатда ёпишни талаб қилди.

AP маълумотига кўра, хитойлик дипломатлар автомобили консулхона ҳудудини тарк этиши билан бинога АҚШ федерал хизматларининг бир қанча ходимлари кирган.

Расмий Вашингтон 21 июль куни Пекиндан Хьюстондаги консулхонани 72 соатда ёпишни талаб қилганди. АҚШ Давлат котиби ўринбосари Стивен Бигэн консулхона америка технологияларининг ўғирланиши ва талабалар алмашинуви дастуридан нолойиқ фойдаланиш сабабли ёпилаётганини билдирди. Шунингдек, консулхона ходимларининг ўзини тутиши ҳам стандартларга мос эмаслиги айтилди.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Ван Вэньбинь Хьюстондаги консулхонани бир томонлама қисқа вақтда ёпиш АҚШнинг Хитойга қарши сўнгги ҳаракатларини мислсиз даражада авж олдиришдир, дея баҳолади.

АҚШ Хитойни консулхона ёпилишига жавоб қайтармасликка чақирди. Америка Хитойнинг Хьюстондаги дипломатик ваколатхонаси интеллектуал мулк ва америкаликлар ҳақидаги маълумотларни ҳимоя қилиш учун ёпилганини таъкидлаб чиқди.

Шу ўринда айтиш жоизки, АҚШ Хитойга консулхонани ёпиш талабини қўйиши билан Хьюстондаги дипломатик ваколатхона биносида ёнғин хавфсизлиги сигнали ишлаб, у ердан тутун чиқишни бошлади. Ўт ўчирувчилар келганда эса ҳаммаси жойида экани, ҳеч қаерга ўт кетмагани айтилди. Бундан тахмин қилиш мумкинки, хитойликлар қандайдир муҳим маълумотларни ёқиб, йўқ қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ-Хитой

Баҳолаганлар

1459

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг