Хитой аҳолиси кетма-кет иккинчи йил камайиб бормоқда

Олам

image

2023 йилда Хитойнинг умумий аҳолиси 2,08 миллион кишига қисқарди. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси Давлат статистика бошқармасига таяниб, “Reuters” хабар берди.

Аҳолининг камайишига сабаб туғилишнинг рекорд даражада пасайгани ва коронавирусга қарши қатъий чоралар бекор қилинганидан кейин вирусдан вафот этганлар кўрсаткичининг ортиши бўлган. Ўтган йили жами ўлимлар сони 6,6 фоизга ўсиб, 11,1 миллионга етди. Унинг даражаси 1974 йилдан бери энг юқори даражага етди.

Хитойда янги туғилган чақалоқлар сони ҳам 5,7 фоизга камайиб, 9,02 миллионга етди, туғилиш коэффициенти эса рекорд даражада паст бўлди — ҳар минг кишига 6,39 бола. 1980 йилдан 2015 йилгача олиб борилган бир бола сиёсати ва бу даврда жадал урбанизация натижасида мамлакатда туғилиш даражаси ўнлаб йиллар давомида тушиб бормоқда.

Хитойнинг эркак аҳолиси 720,32 миллион кишига (0,2 фоизга пасайиш), аёллар 689,35 миллион кишига (0,04 фоизга камайиш) етди. Меҳнат ёшидаги (16 ёшдан 59 ёшгача) фуқаролар улуши 61,3 фоизни ташкил этди – 2022 йилга нисбатан 0,7 фоиз пунктга кам. Мамлакатда 65 ёшдан ошган 216,76 миллион киши бўлиб, уларнинг сони 3,3 фоизга ошган.

Япония ва Жанубий Кореядаги аввалги иқтисодий юксалишларда бўлгани каби, кўп сонли одамлар Хитой қишлоқларидан фарзанд кўриш қимматроқ бўлган шаҳарларга кўчиб ўтишган.

2022 йилда Японияда туғилиш коэффициенти 1000 кишига 6,3, Жанубий Кореяда эса 4,9 ни ташкил қилди. Эълон қилинган статистик маълумотларга кўра, 2023 йилда Хитой шаҳарлари аҳолиси 1,2 фоизга ўсиб, 932,67 миллион кишига етган. Қишлоқ жойларда 477 миллион киши истиқомат қилади (2,8 фоизга камайган).

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Ҳиндистон ўтган йили Хитойни ортда қолдириб, дунёнинг энг кўп аҳолиси бўлган давлатга айланди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти экспертлари Хитой аҳолиси 2050 йилга бориб 109 миллионга қисқаришини кутмоқда. Бу эса 2019 йилдаги олдинги прогноздан уч баравар кўп.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг