Хитой 12 та янги касбни расман тан олмоқчи
Олам
−
03 июл 7937 2 дақиқа
Хитой 12 та янги касбни расман тан олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Синьхуа” хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакатнинг жадал ривожланаётган иқтисодиёти бандликнинг янги шаклларини яратишда давом этаётгани сабабли, ушбу касблар қаторига рақамли эгизаклар (digital twins) бўйича муҳандис-техник, мужассамлашган сунъий интеллектли (embodied AI) роботлардан фойдаланиш бўйича техник мутахассис ва спорт маълумотлари таҳлилчилари киради.
Хитой Халқ Республикаси Инсон ресурслари ва ижтимоий таъминот вазирлигининг билдиришномасига кўра, мамлакатда мавжуд касблар доирасида бир қатор янги ишчи ихтисосликлари ҳам қўшилади. Улар орасида паст баландликдаги иқтисодиёт (low-altitude economy) соҳаси логистлари, интеллектуал агентлар (AI agents) ишлаб чиқувчилари, янги энергия манбаларида ишлайдиган (электромобиль ва гибрид) транспорт воситалари инспекторлари ҳамда яшаш муҳитини кексалар учун мослаштириш бўйича дизайнерлар бор.
Ушбу қадам Хитойнинг янги пайдо бўлаётган тармоқларнинг жадал ривожланиши, рақамли технологияларнинг кенг қўлланилиши ва хизмат кўрсатиш соҳаси аҳамиятининг ортиб бориши билан тавсифланувчи иқтисодий трансформацияга ишчи кучини мослаштириш, шунингдек, бандликнинг янги манбаларини шакллантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини акс эттиради. Нашрнинг ёзишича, вазирлик 2019 йилдан буён янги касбларнинг еттита рўйхатини эълон қилган бўлиб, ҳозирда уларнинг умумий сони 110 тага етган.
Хитой янги касблар учун миллий стандартларни ишлаб чиқади, улар касб-ҳунар таълими, малака ошириш ва мутахассислар малакасини баҳолашда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония мамлакатдаги ишчи кучи камайишини қоплаш мақсадида 2040 йилгача иқтисодиётнинг 18 та тармоғида сунъий интеллектга эга 10 миллион роботдан фойдаланишни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси