Херсон аҳолиси зудлик билан эвакуация қилиниши керак – Суровикин
Олам
−
19 Октябрь 2022
11964Херсон шаҳрида вазият “оғир” ва аҳолини зудлик билан эвакуация қилиш керак. Бу ҳақда BBC Украинадаги Россия кучлари қўмондони Сергей Суровикинга таяниб хабар берди.
Генералнинг айтишича, Украина қўшинлари Himars ракеталаридан фойдаланган ҳолда шаҳар инфратузилмаси ва турар-жой объектларига зарба бермоқда.
“Россия армияси биринчи навбатда Херсон аҳолисини хавфсиз эвакуация қилишни таъминлайди”, дейди Суровикин.
Украина қўшинлари “яқин кунларда” шаҳарга ҳужум бошлаши мумкинлиги ҳақида Херсон аҳолиси Россия расмийси Кирилл Стремоусов томонидан огоҳлантирилган.
“Илтимос, сўзларимни жиддий қабул қилинг: мен имкон қадар тезроқ эвакуация қилиш ҳақида гапиряпман”, деган у Telegram ижтимоий тармоғида.
Унинг қўшимча қилишича, Днепр дарёсининг ғарбий қирғоғида одамлар хавф остида қолмоқда. Буни Россия томонидан тайинланган вилоят губернатори Владимир Сальдо ҳам видеомурожаатида тасдиқлади.
Хабарингиз бор, Херсон февраль ойида руслар қўлига ўтган биринчи йирик шаҳар эди. Украина қўшинлари сўнгги бир неча ҳафтадан бери яқин атрофдаги ҳудудларни мунтазам равишда қайтариб олмоқда. Улар Днепр бўйлаб жанубга 30 км (19 миля) масофани босиб, рус қўшинларини тузоққа тушириш билан таҳдид қилди.
“Умуман олганда, “махсус ҳарбий операция” зонасидаги вазиятни “оғир” деб таърифлаш мумкин", дейди генерал Суровикин.
Херсон – руслар томонидан босиб олинган Украинанинг ягона минтақавий пойтахти. Энди Кремль Херсон ва Украинанинг яна учта вилоятини Россиянинг бир қисми, деб даъво қилмоқда. Бу эса халқаро миқёсда рад этилмоқда.
Ўзининг шафқатсизлиги билан танилган генерал Суровикиннинг айтишича, Украина ракеталари Херсондаги Антонивский кўприги ва Каховка гидроэлектр тўғонига зарар етказган ва бу асосий артериялар бўлгани учун ҳаракат тўхтаб қолган.
“Бу муҳим хизматлар, яъни озиқ-овқат етказиб бериш, сув ва электр таъминоти муаммоларини келтириб чиқарди”, дейди Суровикин.
Херсонда режалаштирилган “эвакуация” жараёнлари ҳали аниқ эмас. Агар Россия одамларни ўз уйларини тарк этишга мажбур қилса, бу БМТ таърифига кўра, “уруш жинояти” бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Сергей Суровикин “Россия 24” телеканалига берган интервьюсида “махсус операция” зонасидаги вазият таранглигини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, Россия қўшинлари гуруҳи ўз таркибини оширмоқда, захиралар яратмоқда ва бутун алоқа чизиғи бўйлаб мудофаа позицияларини қурмоқда. Суровикин, шунингдек, Киевни Херсон вилоятидаги Каховская ГЭСи тўғонига “ракета ҳужумини тайёрлашда” айблади.
Мусулмон Зиё
LiveБарчаси