ХДП ва АСДП машмашаси: Ўзбекистон тарихида илк бор 3-қайта сайлов бўлиши мумкинми?
Таҳлил
−
25 Январь 2020
9608QALAMPIR.UZ сайтида “ХДП ва АСДП кураши: сайлов тугаб машмашаси давом этмоқда” номли мақола эълон қилинганди. Унда Халқ демократик партиясидан номзоди қўйилган Акмал Каримов сайлов натижалари бўйича ғолиб саналса-да, якуний натижада “Адолат” социал-демократик партияси вакили Умид Шоумаров ғолиб бўлгани ва бу ҳолат норозилик келтириб чиқаргани тилга олинганди.
Мазкур иш бўйича жорий йилнинг 18 январь куни Тошкент вилояти Нурафшон шаҳар маъмурий суди ҳал қилув қарорини эълон қилди. Раислик қилувчи судья Х.Ҳамидов барча сайлов участкалари раислари ҳамда 47-сайлов округи сайлов комиссияси раисини судга чақиртириб, ҳолат юзасидан бирма-бир савол-жавоб қилди. 168-сайлов участкасидан бошқа барча сайлов участкалари натижалари тўғри ҳисоблангани маълум бўлди.
168-сайлов участкасида котиба сифатида қатнашган С.Мусаева ўша кунги натижалар бўйича ХДП вакили Акмал Каримов 213:99 нисбатда АСДП вакили Умид Шоумаров устидан ғолиб бўлганини айтди. Акмал Каримов томонидан тақдим қилинган натижа ҳақиқий эканини билдирди. Бироқ 47-сайлов округига тақдим қилинган 113:199 нисбатдаги сайлов натижаси қандай пайдо бўлиб қолганини билмаслигини тушунтирди. Буни мазкур сайлов участкаси комиссия аъзолари Ф.Расулов, Ф.Курбановлар ҳам тасдиқлади.
Шунингдек, мазкур сайлов комиссияси аъзоси А.Усманов ҳақиқатан ҳам натижалар бўйича ХДП вакили Акмал Каримов ғолиб бўлганлиги, кейинчалик пайдо бўлиб қолган 113:199 нисбатдаги сайлов натижасига шубҳаси борлиги ва унга қўйилган имзо унинг имзосига ўхшашлигини таъкидлади. Аммо якуний натижа баённомаларидаги фарқларни тушунтириб бера олмаслигини билдирди.
Суд мажлисида жавобгар сифатида жалб қилинган 47-Нурафшон округ сайлов комиссиясининг раиси И.Артикбаевга кўра, ўша куни 12та сайлов участкасида қайта сайлов ўтказилган. Сайлов тугагач, жами 24та баённома унга тақдим қилинган. Шу куни кечки соат 22:00лардан кейин унинг олдига номзодлар келгани ва баённомалардан нусха бериш чоғида, баённомалардан 5таси (159, 160, 161, 164 ва 170-сайлов участкаларидан биттадан) камайиб қолганлиги, қандай йўқолганини билмаслигини айтди.
Тақдим қилинган натижаларда АСДП вакили Умид Шоумаровга 3649та овоз адашиб ёзиб юборилгани ва умумий натижаларга кўра, Акмал Каримов 3648та овоз билан аслида (судда мавжуд баённомалар қайта ҳисобланди (168-сайлов участкасидаги 113:199 нисбат вақтинча тўғри деб ҳисобланганда ҳам) 3647та овоз олган Умид Шоумаров устидан ғолиб бўлганини хулоса қилиш мумкинлигини билдирди.
Суд мажлисига АСДПдан номзоди қўйилган Умид Шоумаров келмади. Судга келган вакили Шоумаров меҳнат таътилида экани ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридалигини маълум қилди.
Суд тарафларни тинглади. Суд хулосасига кўра, дастлаб аризачи Каримов томонидан тақдим килинган 168-сайлов участкаси баённомалари нусхалари ва 47-Нурафшон сайлов округи томонидан судга тақдим қилинган 168-сайлов участкаси баённомалари орасида тафовут мавжуд. Яъни, сайлов натижалари юзасидан кескин фарқ килувчи икки хил баённома аниқланди.
47-Нурафшон сайлов округи раиси И.Артикбаев томонидан тақдим қилинган 168-сайлов участкаси баённомасининг бир нусхасида ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сонида тўғирлаш мавжуд бўлиб, баённоманинг иккинчи нусхаси эса комиссияси раиси, котибаси ва аъзолари томонидан умуман имзоланмаган.
Бундан ташқари, 168-сайлов участкаси аъзолари сайлов якунланганидан сўнг номзод А.Каримов ишончли вакилига тақдим қилинган баённома нусхаси ва 47-Нурафшон сайлов округида 168-сайлов участкаси бўйича мавжуд бўлган баённомадаги номзодларга овоз бериш графасидаги рақамлар бир-биридан кескин фарқ килади.
Суд мажлисида аниқланишича, судга 47-Нурафшон сайлов округи томонидан тақдим этилган 12 та сайлов участкасидан олинган баённомалардаги овозлар ҳисоблаб чиқилиб, унга кўра, 47-Нурафшон сайлов округи томонидан номзод А.Каримовга 3648та, номзод У.Шоумаровга 3649та овоз берилганлиги ҳакидаги баённома тузилган бўлса-да, баённомалардаги овозлар сони А.Каримовга 3648та, номзод У.Шоумаровга 3647тани ташкил этади. Мазкур ҳолатда ҳам 47-Нурафшон сайлов округининг баённомасидаги рақамлар ва судда кўшиб ҳисобланган рақамлар бир-биридан фарқ қилади.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов Кодексининг 60-моддаси (такрорий сайловни ўтказиш асослари ва тартиби) 4-қисмида “Конунчилик палатаси депутатларининг ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг такрорий сайлови қуйидаги йўлларда ўтказилади: - агар сайлов округи буйича сайлов ўтмаган ёхуд ҳақиқий эмас деб топилган бўлса”, деб кўрсатилган.
Суд қарорига кўра, ХДП вакили Акмал Каримовнинг аризаси қисман қаноатлантирилди. Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссиясининг 2020 йил 7 январь кунидаги “Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашига 8 та сайлов округидан такрорий овоз бериш натижасида сайланган депутатларини рўйхатга олиш туғрисида”ги қарорининг 47-Нурафшон сайлов округига оид қисми хақиқий эмас деб топилди.
Тошкент вилоят сайлов комиссияси зиммасига 47-Нурафшон сайлов округида такрорий сайлов ўтказиш мажбурияти юклатилди.
Шундан сўнг, АСДП Тошкент вилоят Кенгаши Тошкент вилоят маъмурий судига мазкур қарор устидан апелляция шикояти киритди. Ҳозирда Тошкент вилоят маъмурий судида партиялар иши кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, суд шу куни хусусий ажрим чиқарди. Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссиясининг 47-сайлов округи ва 168-сайлов участкаси мансабдор шахслар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг вакиллари, сайлов комиссиялари аъзолари ва бошқа шахсларнинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 146-моддасида назарда тутилган, сайлов ҳужжатларини қалбакилаштириш, сайлов варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш жиноят аломатлари мавжудлигига баҳо берилади.
Хусусий ажрим нусхаси ижро учун Тошкент вилояти Нурафшон шаҳар прокурорига, маълумот учун Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссиясига юборилди.
Бош прокуратура Матбуот хизматига кўра, мазкур иш билан Нурафшон шаҳар прокуратураси шуғулланмоқда ва унинг назоратини Тошкент вилоят прокуратураси қилади.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь