Хайр, “Германия онаси”. "Темир фрау” 16 йил Германия ва Европа учун нималар қилди?
Таҳлил
−
06 Октябрь 2021
16378“Ангела Меркелнинг 16 йил давомида Федератив республикани бошқарганига қойил қолиш керак, у Европанинг энг катта ва етакчи мамлакатларидан бирига ишонч билан раҳбарлик қилмоқда. Меркель Европа ҳамда жаҳон етакчилари орасида энг обрўли раҳбарлардан бири”.
Россия Фердерацияси Президенти Владимир Путин
Куни кеча эълон қилинган “Руҳоний оиласидан чиқиб, канцлер бўлган Меркель ёхуд ижарада яшайдиган “Германия онаси”, номли мақоламизда Германия канцлери Ангела Меркелнинг болалик йиллари ва сиёсатдан ташқаридаги ажойиб ҳаёти ҳақида маълумот берган эдик.
Бугунги мақоламида ушбу мавзунинг мантиқий давоми сифатида Германия канцлери Ангела Меркель “темир фрау”нинг 21 йиллик сиёсий фаолияти ва ундаги ўнқир-чўнқирлар ҳақида сўз юритамиз. Шу ўринда, Меркель ва Путин ўртасидаги муносабатлар, 2008 йил бўлиб ўтган жаҳон молиявий инқирози даврида Меркель қўллаган тактика, 2014 йилда Украинада рўй берган можароларда Меркелнинг роли ҳақидаги мавзуларга ҳам тўхталиб ўтамиз.
Сиёсий фаолиятнинг бошланиши
1989 йил 9 ноябрь куни Берлин девори қулагандан сўнг, иккига бўлиниб кетган Германия бирлашди. Шундан сўнг, мамлакатда янги партияларнинг шаклланиш жараёни бошланди. Ўша вақтда, Меркель янги ташкил топган Демократик ютуқлар партиясига аъзо бўлади. 1990 йилда “темир фрау” партия раиси Вольфганг Шнурнинг ёрдамчиси этиб тайинланади. Кейинчалик, Меркель матбуот котиби лавозимини эгаллайди.
1990 йилда Демократик ютуқлар партияси, Христиан Демократик Иттифоқи таркибига қўшилиб кетди. 1990 йил 2 декабрь куни Меркель Бундестаг (Германия парламентининг қуйи палатаси)га ўтказилган биринчи умумгерман сайловида ўз округида 48,5 фоиз тўплаб, депутатликка сайланади.
1990 йилда Меркель Бонндаги федерал канцлер офисига таклиф қилинди. У ўша вақтдаги канцлер Гельмут Коль билан учрашди. Кутилмаганда Коль Меркелни ёшлар ҳамда аёллар масалалари бўйича вазир лавозимига тайинлайди. Йиллар давомида Меркелнинг обрўси Гельмут Колнинг ишончи сабаб юксалаверди. Айрим сиёсатчилар унга “Колнинг қизи”, деган лақаб беришди. 1994 йилда ўтказилган навбатдаги парламент сайловида Гельмут Коль ғалаба қозонди. Коль “ўз қизини” 1994 йилда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш федерал вазири этиб тайинлади.
Ангела Меркель 1998 йилда ХДИнинг бош котиби, 2000 йилда эса партия ва Бундестагдаги парламент гуруҳи раиси лавозимларида иш юритди. Меркель канцлерлик курси томон қадамба-қадам юриб борар эди. 1999 йилнинг ноябрь ойида Гельмут Колнинг партиясида ноқонуний молиялаштириш билан боғлиқ жанжал чиқди. Шу вақтда ёш Меркель “ўз отасини” танқид тошлари билан сийлади. Табиийки, бу танқид партия раҳбарларига ёқмайди ва уни “уйдан чиққан хоин”, деб атаб, партиядан қувишади.
2000 йилда федерал кенгаш Гельмут Колни партиянинг фахрий раиси лавозимидан кетишини талаб қилди. Коль партиянинг фахрий раиси лавозимини тарк этди. 2003 йилги парламент сайловида ХСИ ғалаба қозонди. Бундесрат (Германия Федератив Республикасининг қонун чиқарувчи органи)да ХСИ вакилларининг кўпайиши Ангела Меркелга мухолиф партияда мамлакат бошқарувида иштирок этишига имкон берди. Мухолифатдаги йиллари давомида Меркель ХСИда тартиб ўрнатди.
Меркелнинг биринчи ҳукумати
2004 йилда федерал канцлер Герхард Шрёдер Германия социал-демократик партияси раиси лавозимидан истеъфога чиқди. Унинг ўрнини Франц Мюнтеферинг эгаллади. Бундан фойдаланиб мухолиф партия Германия Президентидан ҳукуматни истеъфога чиқариб, муддатидан аввал сайлов ўтказишни талаб қилди. Натижада, Германия Федератив Республикаси тарихидаги энг қисқа оралиқдаги сайлов бўлиб ўтди. ХСИ партияси канцлерлик номзодига Меркелни, ХДП эса Шрёдер номзодини кўрсатди. Сайловлар якунига кўра, Ангела Меркель 35,2 фоиз, Шрёдер эса 34,4 фоиз овоз олди. Бу кичик фарқ мамлакатда оғир сиёсий вазиятни юзага келтирди. Бундай кичик фарқ билан ҳеч бир партия ҳукумат туза олмас эди.
2004 йилнинг октябрь ойида канцлерлик лавозимига номзодини қўйган Шрёдер раҳбарлик даъвосидан воз кечди, Натижада тарихда илк бор Германия ҳукуматини аёл канцлер Ангела Меркель бошқариши маълум бўлди. Ноябрь ойида Бундестаг Ангела Меркелни Германия Федератив Республикасининг канцлери лавозимига тасдиқлади.
Ислоҳотлар
Меркель ўз муддатининг иккинчи ярмига мўлжалланган саккиз бандли дастурини тақдим этди. Унда федерал тизимни ислоҳ қилиш, бюрократияга қарши курашиш, илмий тадқиқотлар, энергия, молия, соғлиқни сақлаш тизимини қайтадан ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари кўрсатилган эди. Бу ислоҳотлар қисқа муддатда ўз самарасини берди. Хусусан, мамлакатда ишсизлар сони камайди, иқтисодий кўрсаткичлар аста-секин кўтарилди. 2006 йилда Германия ялпи миллий маҳсулот миқдори бўйича Европада биринчи, жаҳонда учинчи ўринга чиқиб олди. Ялпи миллий маҳсулот миқдори – 1 триллион, 950 миллиард доллар: жон бошига – 30150 долларга етди. 2008 йилда йиллик ўсиш 2,8 фоизни ташкил этди. Бу ўсиш бевосита Меркелнинг ислоҳотлари билан боғлиқ эди. Ҳозирги кунда жаҳон саноат маҳсулотининг 6,8 фоизи Германияга тегишли.
2008 йилда бошланган жаҳон молиявий инқирози вақтида Меркель биргина Германияни эмас, балки бутун Европани қутқаришига тўғри келди. Чунки, “темир фрау” Европа Иттифоқида Германиянинг обрўсини оширмоқчи эди. Канцлер хоним инқироз вақтида босиқлик билан иш тутиб, мамлакатдаги ижтимоий сарф-харажатларни камайтирди. Бунинг натижасида вазият барқарорлашди.
“Forbes” журнали Ангела Меркелни 2006, 2007 ва 2008 йилларда “дунёдаги энг қудратли аёл”, деб топди, 2006-2007 йилларда “Time” журнали Германиянинг федерал канцлерини дунёнинг энг нуфузли 100 кишиси рўйхатига киритди. 2009 йилги парламент сайловида Меркель партияси 49,4 фоиз овоз тўплаб, ғалаба қозонди ва Ангела Меркель канцлерлик лавозимида қолди.
Ташқи сиёсат
Ангела Меркель 16 йил давомида Германия ҳукуматига раҳбарлик қилди. Бу даври оралиғида канцлер жаҳонда юз бераган можароларга босиқлик билан муносабат билдирди. Хусусан, 2010 йилдаги Греция инқирози вақтида жуда кўплаб немис молиячилари ва тадбиркорлари Грецияни евро ҳудудидан чиқариб юборишни исташади. Аммо, Меркель Грецияни сақлаб қолиш учун ҳаракат қилди.
У 2011 йилда бошланган Суриядаги фуқаролар уруши натижасида юзага келган қочқинлар масаласини ҳал этди. Канцлер хоним муҳожирларга Германияда қолиши учун немис тилини ўрганиш кераклигини таъкидлади. 2014 йилда Қирим можароси вақтида Россияга нисбатан иқтисодий санкциялар қўллаган бўлса-да, Кремль билан алоқани совуқлаштирмади.
“Темир фрау” канцлерлик даврида Германиянинг Европадаги ўрни юксалди. 2008 йилдаги инқироз вақтида Германия Европани инқироздан чиқиши учун раҳбарлик юкини ўз зиммасига олди. Меркель Европа Иттифоқдаги инқироздан қийналган давлатларга ёрдам қўлини чўзди. Бу эса Германиянинг евроҳудуддаги обрўсини оширди.
Меркел Путинга қанчалик ишонган?
2002 йилда Россия Президенти Владимир Путин Германияга ташриф буюради ва Бундестагда нутқ сўзлайди. Россия раҳбари совуқ уруш давридан кейинги янги дунё ҳақида гапираётган бир вақтда Меркель ёнидаги одамга шундай пичирлайди: “Типик КГБчининг одатий нутқи. Бу йигитга ишониш керак эмас”.
Ангела Меркель ҳокимият тепасига келганида сиёсатчилар Германия Москва билан қандай алоқада бўлиши ҳақида икки хил тахмин қилишган:
• Меркель болалик йилларини ГДРда ўтказгани учун айрим сиёсатчилар “у социалистик тартибдан нафратланади ва Россияга ишонмайди”, деб тахмин қилишган;
• иккинчи тахмин биринчи тахминнинг акси эди. Яъни бир гуруҳ экспертлар “Меркель рус тилини яхши билади, шунинг учун Путин билан тезда тил топишади” деб ўйлашган.
Бу икки тахмин ҳам ўзини озми-кўпми оқлади. Ангела Меркель Германия ҳукуматини эгаллаганидан сўнг, Германия-Россия муносабатларида ҳеч қандай алоҳида ўзгаришлар бўлмади. Илк йилларда Меркель кўпроқ Россияга шубҳа билан қаради. У ўзидан олдинги канцлер Герхард Шрёдер давридаги Россия билан келишувларни рад этмади. “Темир фрау” ташқи сиёсатда бироз АҚШ билан яқинлашди. Бироқ, Меркель АҚШ Президенти Барак Обаманинг Шарқий Европада ракеталарга қарши мудофаа тизимини қуриш режасини инкор этди.
2014 йилда Россия Қиримни ўз таркибига қўшиб олиши Германия-Россия муносабатларини кескинлаштирди. Меркель Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини маъқулламаслигини билдирди. Германия канцлери Ғарб давлатларининг Россияга қарши санкцияларини қўллаб-қувватлади ва кейинчалик уларнинг муддатини узайтирди, Германий ва Россия ўртасидаги товар айланмасининг ҳажми йилдан-йилга камайиб борди. 2014 йилда Германий-Россия ўртасидаги товар айланмаси 67,7 млрд еврони ташкил этган. Бу кўрсаткич, 2015 йилда 51,5 млрд еврога, 2016 йилда 48,0 млрд еврога камайди. 2020 йилда Германия-Россия товар айирбошлаш ҳажми 2005 йилга қараганда энг паст натижа – 45 миллиард еврони ташкил этди.
Россиялик мухолифатчи Алексей Навальный заҳарланганида Ангела Меркель унга ҳимоя ва даволаниш учун шароит яратишга тайёрлиги билдирди. Навальный Германияга олиб келинган вақтда уни кўргани Меркелнинг ўзи шифохонага борди.
Нима бўлмасин, қандай гаплар тарқалмасин Меркель Путин билан алоқларни совуқлаштирмади. 2021 йилнинг август ойида Ангела Меркелнинг канцлер сифатида сўнгги сафари Россияга бўлди ва у Кремлда Путин билан учрашди. Россия Президенти “темир фрау”ни гулдаста билан кутиб олди. Икки давлат раҳбарлари Афғонистон ва Россия газининг транзити масаласи бўйича келишиб олишди. Ўша учрашувда Путин 2024 йилдан кейин ҳам Россия газини Германияга сотишга тайёрлигини айтди.
Ҳозирда дунёдаги юзлаб нашрлар ва таҳлилчилар Меркель даври якунларини сарҳисоб қилмоқда. Германияда ўтаётган парламент сайловларининг дастлабки натижаларига кўра, Германия социал-демократик партияси (ГСДП) 25,7 фоиз овоз билан ғалаба қозонмоқда.
Меркель 16 йил давомида Германияга раҳбарлик қилди. У Германия тарихидаги илк аёл раҳбар. Ҳозирча унинг ўрнини ким эгаллаши ва у қандай сиёсат олиб бориши мавҳум.
Маълумот учун, Германия тарихидаги энг кўп вақт канцлерлик қилган шахс Отто фон Бисмарк бўлиб, у 19 йил давомида мамлакатни бошқарган.
LiveБарчаси