Хавотирли баёнот. Украина шарқидаги аҳоли Россияга эвакуация қилинмоқда
Олам
−
19 Февраль 2022
13064Украинанинг шарқий ҳудудларида жойлашган россияпараст, ўзини суверен дея атовчи ҳудудлар: Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикаси (ДХР) етакчилари кеча, 18 февраль куни аҳолини Россияга эвакуация қилиш ҳақида буйруқ берган.
Украина таркибидан ажралиб чиқиш ҳаракатидан бўлган икки ҳудуд жорий йилнинг 17 февраль куни Украина ҳарбийлари Донбассга ҳужум қилганини рўкач қилиб, Киевни айбламоқда. Аммо, расмий Киев ушбу ЛХР ва ДХР томонидан Украина ҳудудига 60 маротаба ўқ узилганини айтмоқда. Ҳатто, баъзи ҳужумлар оғир артиллерилар ёрдамида уюштирилгани маълум қилинмоқда.
Украина ҳукумати мамлакат ҳарбийлари шарқий ҳудудларга ҳужум қилишни режалаштирмаганини айтиб, ЛХР ва ДХРни ёлғон хабар тарқатишда айблаган.
ЛХР ва ДХР ҳужум бошлангани ортидан ўз фуқароларини Россия ҳудудига эвакуация қила бошлаган.
Россияпараст Луганск халқ республикасининг энг юқори мартабали амалдори Леонид Пасечник уруш бошланганини айтиб, ҳудуддаги эркакларни қўлига қурол олишга чақирган.
“Россия Федерацияси ўз ҳудудида Луганск халқ республикаси аҳолисини қабул қилиш ва жойлаштиришга тайёр. Яна бир бор қўлида қурол ушлашга қодир барча эркакларни ўз заминини ҳимоя қилишга чақираман”, дея халққа мурожат қилган Пасечник.
Ғарб ва Украина ҳукумати мустақиллиги тан олинмаган икки ҳудуд раҳбарларини Украина ҳужумни бошлаганини баҳона қилиб, Россия ҳужумга ўтиши учун шароит яратиш мақсадида провакацион хабарлар тарқатишда айбламоқда.
Вазият юмшаш ўрнига жиддийлашиши ортидан, Ғарб хавотирли баёнотлар билан чиқмоқда. Маълум қилинишича, Украина чегралари яқинидан ҳарбийларни ортга қайтаришни бошлагани ҳақида баёнот берган Кремль, қўшинлар сонини камайтириш ўрнига улар сонини 190 минга етказган.
Бошқа томондан, НАТО ва Ғарб Украина хавфсизлигини таъминлаш борасида унга ҳарбий кўмакни кучайтирган. НАТОга аъзо Эстония Мудофаа вазирининг билдиришича, мамлакат Украина ҳудудига танкка қарши “Жавелин” қуролларини юборган.
Сўнгги пайтларда Россия-Украина можароси жиддий тус олган. Бир томонда Киевни қўллаётган АҚШ ва НАТО турган бўлса, бошқа томонда ҳарбий тайёргарликларни бошлаб юборган Россия турибди.
Эслатиб ўтамиз бундан аввал, Украинанинг тарафини олиб АҚШ Киевга 200 миллион доллар миқдоридаги, қарийб 500 тонна қурол-яроғ, 300 та “Жевелин” танкка қарши ўточар техникалари ва 5 та МИ-17 вертолётини етказиб берганини билдирган. Бундан ташқари, 8 500 нафар ҳарбийни Шарқий Европага юбориш учун шай ҳолда ушлаб тургани ҳақида маълум қилган.
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги эса Украинага элита бўлинмасининг 30 нафар ҳарбий хизматчисини, 2 000 та танкка қарши ракета ва қурол-яроғ юборилгани ҳақида хабар берган.
LiveБарчаси