“Хавотирга ўрин йўқ”. Сурхондарёдаги фожиа ҳақида расмий баёнот берилди
3-саҳифа
−
08 Декабрь 2021
22315Кеча, 7 декабрь куни тонгда Сурхондарё вилояти Денов туманида икки қаватли савдо мажмуасидаги портлаш, дастлабки тахминларга кўра, газ асбоб-ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши оқибатида тўпланган газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида юз берган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Давлат ёнғин назоратини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи Ўлмас Музаффаров ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
“Хавотирга ўрин йўқ, бунақа чақнаш ҳолатининг юз бериши асосан ҳозирги тахминга кўра, савдо мажмуасидаги газ асбоб-ускуналарининг бузилиши оқибатида келиб чиққан. Оқибатда мажмуа атрофидаги бир нечта хонадонга ва ижтимоий соҳа объектларига, маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларига зиён етган.
Ҳозирги вақтда мазкур ҳолат юзасидан ҳукумат комиссияси тузилган. Воқеа жойида комиссия иш олиб бормоқда. Ҳозирда бахтсиз ҳодиса оқибатларини бартараф этиш борасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва тегишли идора-ташкилотлар ходимлари ишламоқда”, дейди Ўлмас Музаффаров.
Маълумот учун, портлаш соат 03:57да Денов шаҳри Мустақиллик кўчасида жойлашган 2 қаватли “Инденим” савдо мажмуаси биносида содир бўлган. Портлаш натижасида савдо мажмуаси биноси деворлари қулаб тушган.
Ёнғин-қутқарув бўлинмалари соат 04:02 да воқеа жойига етиб бориб, чақнаш натижасида содир бўлган ёнғинни соат 04:25 да ўчирган.
Ҳодиса жойига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигидаги Ҳукумат комиссияси сафарбар этилган.
Ҳукумат комиссияси таркибига ИИВ, ФВВ, Миллий Гвардия, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа идоралар вакиллари киритилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Воқеада 9 киши жароҳатланди. Ҳозиргача олинган маълумотларга кўра, вайроналар остидан икки кишининг жасади топилган.
LiveБарчаси