Ханчжоу-2022. Бугун ўзбекистонлик эшкакчилар 4 та олтин учун баҳс олиб боради

Спорт

image

Бугун, 30 сентябрь куни ўзбекистонлик спортчилар Ханчжоуда бўлиб ўтаётган Осиё ўйинларининг навбатдаги кунини ғалаба билан бошлади. Хусусан, каноэ ва байдаркада эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон вакиллари 4 та финал йўлланмасини нақд қилди. 

Дастлаб Владлен Денисов каноэда эшкак эшиш бўйича саралашдан муваффақиятли ўтиб олди. Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси 1000 метрга эшкак эшиш бўйича кечган баҳсда 4:43.784 дақиқа натижа билан финал масаласини ижобий ҳал қилди.

Иккинчи бўлиб эса Екатерина Шубина ҳамда Арина Танатмишева жуфтлиги байдаркачи қизлар ўртасида 500 метрга кечган саралаш баҳсларида қониқарли натижа қайд этди. Хитойлик жуфтлик билан рақобат олиб борган Ўзбекистон вакиллари кичик фарқ билан мезбонларга имкониятни бой бериб, иккинчи ўринда марра чизиғини кесиб ўтди. Мусобақа регламентига кўра, бу натижа финал учун етарли.

Шунингдек, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Артур Гулиев ва Камрон Аҳтамовдан иборат каноэда эшкак эшиш бўйича жуфтлик ҳам 500 метрга кечган саралаш дастурида муваффақиятли қатнашди. Улар 1:48.098 дақиқада ўз гуруҳи ичида биринчи бўлиб финишга келди ва финалга чиқди. 

Байдарка дастурида 500 метрга эшкак эшиш бўйича Денис Онуфриев ҳамда Озоджон Амриддинов жуфтлиги саралашда 1:38.285 дақиқада учинчи бўлиб маррага етиб келди ва финалчилар қаторидан жой олди.

Маълумот учун, Ўзбекистон делегацияси жами 32 медаль (7 та олтин, 10 та кумуш, 15 та бронза) жамғарган ҳолда умумий рейтингнинг 6-поғонасини банд этиб турибди.


Мақола муаллифи

Теглар

Осиё ўйинлари каноэ байдарка финал Ханчжоу эшкак эшиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг