Халқимиз бойиб кетди, ҳаммада кондиционер... – Энергетика вазирлиги расмийси

Жамият

Ўзбекистон халқи бой бўлиб кетган. Ёзда уйини кондиционер билан совутади, қишда яна электр жиҳозлари билан иситади. Кўмирдан фойдаланмайди, газни эса паст дейди. Оқибатда бутун юк электр тармоқларига тушади. Бу ҳақда бугун, 23 июнь куни пойтахт Тошкентда бўлиб ўтган Энергетика форумида Энергетика вазирлиги Электр энергетикаси тармоғини ислоҳ қилиш лойиҳаси директори ўринбосари Баҳромбек Умарбеков QALAMPIR.UZ мухбири билан суҳбатда сўз очди. 

“Ўзбекистонда кузатилиши мумкин бўлган электр тақчиллиги мавсумий бўлади. Ёзда ва қишда. Халқимиз бойиб кетди, ҳаммада кондиционер. Ёзда кун исиб кетса, ҳамма кондиционер ёқади ва бирдан электр етишмовчилиги сезилади. Иккинчиси қишда, аслида уйни қишда электр токи билан иситиш яхши эмас, бу нотўғри нарса. Кўмир билан ёки газ билан иситиш керак. Айрим хонадонлар кўмир ёқишни ҳоҳламайди, газни эса паст деб айтади. Натижада кучли юклама электр тармоқларига тушади”, дейди мутахассис.

Баҳромбек Умарбековга кўра, электр энергияси нархи ошганидан кейин сифат ҳам ошади, бироқ дарров эмас.

“Ҳамюртларимиз билши керак: нарх ошганда, муаммо дарров ҳал бўлмайди. Масалан машинани тезланиш педали босилганида, машина мотори айланиб, кейин ғилдиракларга бериб, тезлашиш секин рўй беради. Ҳудди шу каби энергетика соҳасида ҳам нарх ошгандан кейин дарров станция қурилмайди. Станция қуриш учун 4-5 йил вақт кетади. Бу бўйича келишувга эришишга бир йил, молиялаштириш учун бир йил, қуриш учун яна уч йил керак. Шунинг учун ҳозирги нарх ошиши келажакда умуман тақчиллик бўлмаслигига тайёргарликдир”, дейди Баҳромбек Умарбеков.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, электр энергияси тақчиллиги юзага келганда бутун тармоқ жорий йилнинг 25 январь куни юз бергани каби қуламаслиги, бутун мамлакатда зулмат ичида қолмаслиги учун тайёргарлик кўрилиши керак.

“Энди тайёргарлик ишларини кўришимиз керак. Тақчиллик юз берганда, бутун тармоқ 25 январда юз бергани каби қуламаслиги учун. Маълум бир туманлар режали ўчирилиб турилиши мумкин – 10-25 дақиқага, навбатма-навбат. Биз ҳаммамиз фуқаромиз, ҳамма бир нарсага осилиб, уни қулатгани яхшими ёки навбатма-навбат осилиб, уни мевасини еган яхшими?”, дея қўшимча қилди Баҳромбек Умарбеков.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 май куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси жойлаштирилди. Қарорда 2022 йил 1 июлдан Ўзбекистон бўйлаб аҳолига газ ва электр энергияси учун “ижтимоий норма” жорий қилиниши ва нарх оширилиши таклиф қилинди. 

Мазкур қарор лойиҳаси билан 2022 йил 1 июлдан бошлаб электр энергияси бўйича аҳоли учун ойига 250 кВт соатгача "ижтимоий норма" берилади. Шунингдек, 1 кВт 325 сўмга баҳоланади. Нормадан ошиқ истеъмол қилинган электр энергиянинг ҳар 1 кВт соати учун – 650 сўм тўланади.

Табиий газ бўйича ўрнатиладиган тартиб иситиш мавсумини ҳисобга олиб белгиланади. Хусусан, аҳоли учун:

•    1 куб м табиий газ истеъмоли ойига иситиш мавсумида 700 куб метргача – 410 сўм, 700 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун – 1 200 сўм;

•    иситиш мавсумидан ташқари даврда 200 куб метргача – 410 сўм, 200 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун – 1 200 сўмни ташкил қилади.

Суюлтирилган газ эса аҳоли учун – 1 600 сўм миқдорида белгиланмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

418

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made