ЎзЛиДеПнинг “Саломатлик сари” акциясида 5 мингдан ортиқ аҳоли бепул тиббий кўрикдан ўтказилди
Бизнес
−
18:00 369 2 дақиқа
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси илгари сурган “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури қоғоздаги ғоя эмас, балки жойларда амалий натижа бераётган ташаббус сифатида намоён бўлмоқда. Айниқса, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизматни чекка ҳудудларгача етказишга қаратилган “Саломатлик сари” акцияси бунинг яққол исботига айланди.
Лойиҳа доирасида кўчма тиббий автобуслар энг олис қишлоқ ва маҳаллаларгача етиб бормоқда. Республиканинг барча ҳудудларидан жалб қилинган малакали мутахассислар томонидан аҳолига бепул тиббий кўриклар ташкил этилмоқда. Бу эса, одатда мураккаб тиббий хизматларга етиши қийин бўлган фуқаролар учун катта имконият яратмоқда.
Тошкент, Хоразм, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Навоий ва Жиззах вилоятларида ўтказилган тадбирларда 5030 нафарга яқин фуқаро тиббий кўрикдан ўтди. Улар эндокринолог, кардиолог, онколог, гинеколог, терапевт каби 15 дан ортиқ йўналиш бўйича текширувдан ўтказилди. Натижада 587 нафар фуқарога стационар даволаниш учун йўлланма берилган бўлса, 1103 нафар иштирокчига амбулатор даволаниш бўйича тавсиялар тақдим этилди. УЗИ, ЭКГ, маммография каби замонавий диагностика хизматларининг бепул ташкил этилгани эса, акциянинг ижтимоий аҳамиятини янада оширди.
“Саломатлик сари” фақат тиббий кўрик билан чекланиб қолмаяпти. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 133 турдаги дори воситалари ва 197 дона тиббий анжомлар тарқатилди. Оғир хасталик билан курашаётган фуқаролар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. Кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга хонадонларига бориб хизмат кўрсатилгани ташаббуснинг инсонпарварлик моҳиятини намоён этмоқда.
Эътиборлиси, ЎзЛиДеП томонидан амалга оширилаётган мазкур акция партиянинг жойларда фаол ишлаётганини, “Халқ билан бирга” дастури эса амалда ўз ифодасини топаётганини кўрсатмоқда. Бу ташаббус нафақат касалликларни эрта аниқлаш ва олдини олишга, балки аҳоли билан бевосита мулоқотни кучайтириш, уларнинг муаммоларига манзилли ечим топишга ҳам хизмат қилмоқда.
Натижада “Саломатлик сари” акцияси соғлиқни сақлаш соҳасидаги ижтимоий ташаббусдан кўра кенгроқ мазмун касб этиб, аҳоли ишончи, инсон қадри ва амалий натижалар уйғунлигини таъминлаётган муҳим лойиҳалардан бири сифатида намоён бўлмоқда.
Live
БарчасиПутин Хитойга етиб борди
21:09