Кейинги йилдан Ўзбекистонда сунъий йўлдош интернети ишга тушади
Жамият
−
21 Октябрь 5063 2 дақиқа
Ўзбекистонда олис ҳудудларни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш учун кейинги йилдан йўлдошли интернет операторларининг фаолияти йўлга қўйилади. Бу ҳақда бугун, 21 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
“Бир нарсани тушуниш керак: тармоқ ва ҳудудларда сунъий интеллект инфратузилмасига ошиб бораётган талабни фақат давлат ҳисобидан қоплаб бўлмайди”, дейди Президент.
Қайд этилишича, бугун старт берилган “IT-Park” лойиҳасининг иккинчи босқичи доирасида Саудиянинг “Data Volt” компанияси билан 150 миллион доллар ҳисобига 12 мегаваттли дата-марказ ишга туширилади. Кейинги босқичда яна 3 миллиард доллар сармоя ҳисобига қувватлар 500 мегаваттга олиб чиқилади.
Умуман, инвесторлар учун янада жозибадор муҳит яратиб, замонавий супер-компьютер кластерлари ва дата-марказларни кўпайтириш зарурлиги қайд этилган. Бундай марказлар харажатининг 70 фоизи электр энергиясига тўғри келгани учун инвесторлар жозибадор электр тарифлари масаласини кўтарган.
Бу борадаги ишлар Қорақалпоғистондан бошланиши белгиланди. Сунъий интеллект инфратузилмасига 100 миллион доллардан кўп сармоя киритган инвесторларга электр энергияси нархи 5 цент этиб белгиланади, IT-park имтиёзлари татбиқ этилади, импорт ускуналари божхона тўловидан озод этилади.
“Бу соҳада катта сакраш қилиш билан бирга, Қорақалпоғистон иқтисодиёти ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшади”, дейди давлат раҳбари.
Шу билан бирга, олис ҳудудларни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш учун кейинги йилдан йўлдошли интернет операторларининг фаолияти йўлга қўйилади. Улар 5 йилга ер, мол-мулк, фойда ва қўшилган қиймат солиғидан озод этилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур йиғилишда Ўзбекистонда сунъий интеллектга асосланган хизматлар ҳажми 10 млрд долларга баҳолангани, эндиликда вазирлар ҳамда тармоқ раҳбарларининг рақамлаштиришга масъул ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида соҳада сунъий интеллектни ривожлантиришга ҳам жавобгар бўлиши белгилангангани ва Ўзбекистонда аҳоли пунктларининг 99 фоизи мобил алоқа билан қамраб олингани ҳақида маълум қилинган эди.
Live
Барчаси