Ўзбекистонда аҳоли пунктларининг 99 фоизи мобил алоқа билан қамраб олингани айтилди
Жамият
−
21 Октябрь 2048 2 дақиқа
Ўзбекистонда аҳоли пунктларининг 99 фоизи мобил алоқа билан қамраб олинган. Бу ҳақда бугун, 21 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Билдирилишича, Президент дунёда сунъий интеллектга талаб ортиб бораётган ҳозирги даврда рақобатдош бўлиш учун 3 та энг асосий масала – инфратузилма, очиқ маълумотлар ва кадрлар тайёрлашга эътиборни кучайтириш зарурлигини қайд этган.
Саккиз йилда 300 минг километр оптик толали алоқа линиялари қурилган, аҳоли пунктларининг 99 фоизи мобил алоқа билан қамраб олинган. Катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш ва сақлаш учун 7 та дата-марказ ишга туширилган.
Кейинги йил соғлиқни сақлаш, энергетика, банк-молия, божхона-солиқ, транспорт, тоғ-конь ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида сунъий интеллект бўйича 100 та лойиҳа режалаштирилган.
Буларни амалга ошириш учун шунга мос қувватлар, замонавий супер-компьютерлар керак. Лекин ҳозирги мавжуд қувватлар фақат кичик лойиҳаларни ишга тушириш учун етади. Оқибатда тадбиркорлар ўз лойиҳаси учун чет элдаги инфратузилмадан фойдаланиб, бунга миллионлаб доллар сарфлаяпти.
Шу боис, жорий йил 16 та супер-компьютер сотиб олиш учун 50 миллион доллар ажратилган. Кейинги йил бу маблағ 2 карра оширилиши эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур йиғилишда Ўзбекистонда сунъий интеллектга асосланган хизматлар ҳажми 10 млрд долларга баҳолангани ва эндиликда вазирлар ҳамда тармоқ раҳбарларининг рақамлаштиришга масъул ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида соҳада сунъий интеллектни ривожлантиришга ҳам жавобгар бўлиши белгилангангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси