Кейинги “Марказий Осиё – Хитой” саммити қачон ва қаерда бўлиши айтилди
Олам
−
19 Май 2023
12373Хитой ва Марказий Осиё давлатларининг навбатдаги саммити 2025 йили Қозоғистонда бўлиб ўтади. Бу ҳақда бугун, 19 май куни “Марказий Осиё – Хитой” саммитида ХХР Раиси Си Цзиньпин айтиб ўтган.
Маълум бўлишича, саммитда қатнашаётган давлат раҳбарлари ушбу форматдаги учрашувларни ҳар икки йилда бир марта Хитой ва Марказий Осиё давлатларида ўтказишга келишиб олган. Кейинги саммит эса Қозоғистонда бўлиши айтилган.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳам республика ўз ҳудудида “Марказий Осиё – Хитой” иккинчи саммитини ўтказишга тайёрлигини маълум қилган.
“Қозоғистон “Марказий Осиё-Хитой” котибиятини яратиш ғоясини қўллаб-қувватлайди. Котибият Хитойда ишлай бошласа, биз қарши эмасмиз, бу мантиқан тўғри бўлади. Шунингдек, Қозоғистонда “Марказий Осиё-Хитой” иккинчи саммитини ўтказишга тайёрлигимизни билдирамиз”, деган Тўқаев Сиань шаҳридаги саммитда.
Унинг сўзларига кўра, саммитда билдирилган таклифлар қабул қилинган Сиань декларациясида маълум даражада ўз аксини топади.
“Мен билдирган ташаббуслар Қозоғистоннинг ҳар қандай об-ҳаво шароитидаги муносабатларимиз ва кўп қиррали ҳамкорлигимизни мустаҳкамлаш истагини тасдиқлайди. Хитойда бир мақол бор: “Одамлар бирлашса, Тайшань тоғини кўчириш мумкин”. Шу боис ўзаро манфаатли ҳамкорликка оид стратегик йўналишимизни изчил давом эттириш биз учун муҳим”, деган Қозоғистон Президенти.
Эслатиб ўтамиз, Хитой шимолий-ғарбий қисмидаги Шенси провинциясининг Сиань шаҳрида 18-19 май кунлари “Марказий Осиё – Хитой” саммити бўлиб ўтмоқда. Учрашувда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Президентлари ҳам иштирок этмоқда. Олдинроқ саммитга раислик қилаётган Си Цзиньпин Пекин Марказий Осиё давлатларига грант асосида 26 миллиард юан (тахминан 3,72 миллиард доллар) миқдорида молиявий ёрдам беришини маълум қилганди.
LiveБарчаси