Кетишимга Турдиалиев ва унинг қилмишлари сабаб бўлган – АҚШдаги ўзбекистонлик гроссмейстер
Спорт
−
31 Январь 2022
25025Шахмат бўйича гроссмейстер Гулруҳбегим Тоҳиржонованинг АҚШга кетишига Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси ўринбосари Ҳусан Турдиалиев сабаб бўлган. Бу ҳақда шахматчининг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
“Ростдан ҳам кетишимга сабаб Турдиалиев ва унинг қилган ишлари бўлган. Биринчидан, у киши мени опамлар билан Ўзбекистон терма жамоасида мамлакат шарафини ҳимоя қилишимга рухсат бермаган. Биз ҳеч қачон учаламиз бирга ҳеч қайси турнирларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилмаганмиз. Бунга имконимиз бўлмаган. Шунингдек, молиявий тарафдан 15 йил ичида федерация томонидан қўллаб-қувватланмаганмиз. Бунга ўхшаш вазиятлар кўп, улар ҳақида гапириб ўтирмайман”, дейди Гулруҳбегим Тоҳиржонова.
Шу билан бирга, шахматчи агар федерацияда ўзгаришлар бўлса, яна ўз юрти шарафини ҳимоя қилиш учун Ўзбекистонга қайтишини ҳам билдирди.
“Ўзбекистонга қайтиб келасизми, қачон келасиз деган саволлар ҳам бўляпти. Албатта, охирги вақтлар Шахмат федерациясига янги раҳбар – Азиз Абдуҳакимов келгандан кейин, жудаям яхши ўзгаришлар бўлди, яхши совғалар билан мусобақалар ташкил қилинди. Ўзбекистон ёшларига Ўзбекистон шахматига бўлган қизиқиш, муносабат ўзгарди. Жудаям катта қўллаб-қувватланиш бўляпти. Буларни кўриб хурсанд бўляпман. Агар федерацияда ўзгаришлар бўлса, Ўзбекистонга қайтишим мумкин. Мен Ўзбекистонни, юртим шарафини ҳимоя қилишдан хурсанд бўламан. Лекин ҳозирги шароитда ўсишим учун бошқа давлатга кетишим керак деган қарорга келгандим. Агар федерацияда ўзгаришлар бўлса, мен, албатта, бориб ўз юртим шарафини ҳимоя қиламан”, дейди Гулрухбегим Тоҳиржонова.
Маълумот учун, опа-сингил Нафиса Мўминова, Хулкар ва Гулруҳбегим Тоҳиржонова профессионал шахматчи ҳисобланади. Нафиса Мўминова 2013 йилда халқаро гроссмейстер мақомини олган ва Ўзбекистондаги илк аёл гроссмейстерга айланган.
Ўзбекистонлик халқаро гроссмейстер Гулруҳбегим Тоҳиржонова эса 2020 йилда АҚШ шахмат федерацияси аъзосига айланган. 23 ёшли шахматчи АҚШнинг Миссури университети жамоаси сафида дона сурмоқда ва халқаро мусобақаларда Америка шарафини ҳимоя қиляпти.
LiveБарчаси