Келаси йилдан 10 турдаги лицензия ва рухсатнома бекор қилинади

Жамият

image

2026 йилдан Ўзбекистонда яна 10 турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилиниши белгиланди.  Бу ҳақда бугун, 20 август куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида маълум қилинди.

Билдирилишича, аудиторлик ташкилотлари, туризм соҳасидаги ҳунармандлар, туристик ахборот марказлари, транспорт техник кўригини амалга оширадиган тадбиркорлар хабардор қилиш тартибига ўтказилади.

Ҳозирда лицензия, рухсатнома ва хабардор қилиш тартиби бузилганда, корхонага ҳам, унинг раҳбарига ҳам жарима қўлланмоқда. Энди бундай ҳолатлар учун фақат корхона жарима тўлайди, мансабдор шахс жавобгарлигини эса бошқарув органи мустақил ҳал қилади.

Маълум қилинишича, сўнгги йилларда аҳоли ва тадбиркорлардан 120 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинган, яна шунча лицензия рақамлашган. Биргина ўтган йили 16 турдаги лицензия ва рухсатнома бекор қилингани натижасида тадбиркорларнинг 350 миллиард сўмлик харажатлари тежалган.

Президент яна бир муҳим янгиликни эълон қилди – 2026 йилдан “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили асосида тадбиркорлик фаолиятини тўлақонли йўлга қўйиш мумкин бўлади.

Бунда, тадбиркорни рўйхатдан ўтказиш жараёнининг ўзида:

  • электрон рақамли имзо берилади;
  • банкда ҳисобрақам очилади;
  • хоҳишига кўра ижара шартномаси расмийлаштирилади;
  • касса аппарати солиқ органида рўйхатдан ўтказилади;
  • шу йўналишга масъул давлат органларига хабарнома жўнатилади.

Натижада бу жараёнлар учун талаб этиладиган муддат ҳозирги 1 ҳафтадан 15 дақиқага қисқаради.

Шунингдек, кўчат, минерал ўғит, пойабзал, чорва озуқаси каби санитария, ветеринария, карантин назоратида бўлган 32 тоифадаги маҳсулотлар учун мувофиқлик сертификати бекор қилинади. Мажбурий сертификатланадиган товарлар рўйхати 459 тага қисқартирилди. Рўйхат яна 288 тага камайтирилади.

Умуман олганда, маҳсулотлар хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш ҳамда уни баҳолаш билан боғлиқ миллий инфратузилма тубдан ислоҳ қилиниб, халқаро стандартларга мослаштирилади. Бунда, энг аввало, сертификация ўрнига мувофиқликни декларациялаш амалиёти кенг жорий этилади.

“Техник жиҳатдан тартибга солиш тизими бутунлай трансформация қилинади. Мамлакатимизга дунёдаги энг нуфузли халқаро тан олинган лабораториялар кириб келиши учун барча шароитларни яратиб берамиз.

Энди, маҳсулотлар сифати бўйича “бозор назорати” тизимига ўтамиз. Бундан кейин назорат объекти тадбиркор эмас, балки бевосита маҳсулотни ўзи бўлади”, деди Президент.

Қайд этилишича, “Даладан-дастурхонгача” тамойили асосида санитария, ветеринария ва карантин органларининг озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича назорат-лаборатория функциялари ягона тизимга бирлаштирилиб, тўлиқ рақамлаштирилади.

Эндиликда тадбиркорлар идорама-идора сарсон бўлмасдан, барча ҳужжатларни “ягона дарча” принципи асосида бир жойдан оладиган бўлади. Бу ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш ва маҳаллий корхоналарнинг жаҳон бозорларига чиқиш имкониятларини оширади.

Президент тадбиркорларда давлат харидлари ва биржа савдоларида иштирок этиш бўйича ҳам кўплаб саволлар тўпланиб қолганини таъкидлаб, яқин орада бу масалага пухта тайёргарлик кўрилиб, барча муаммоларга ечимлар берилишини қайд этди. Давлат органлари ва табиий монополия субъектлари билан шартнома тузишда тадбиркорлар ҳуқуқларини тенг ҳимоя қилишнинг янги механизми жорий этилади. Бунда, барча намунавий шартномалар лойиҳалари Бизнес-омбудсман, Адлия вазирлиги ва Рақобат қўмитаси томонидан мажбурий экспертизадан ўтказилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев лицензия рухсатнома тадбиркорлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг