Келаси йил Ҳиндистон Россияга камида 40 минг ишчи юбормоқчи
Олам
−
22 Декабрь 2487 3 дақиқа
2026 йилда Ҳиндистондан Россияга камида 40 минг нафар меҳнат мигрантлари боради. Бу ҳақда Россия Президенти ҳузуридаги барқарор ривожланиш соҳасида халқаро ташкилотлар билан алоқалар бўйича махсус вакил Борис Титов маълум қилди.
Титов Ҳиндистон ишчи кучи Россия иқтисодиётидаги кадрлар танқислигини тўлдириш учун асосий ресурслардан бири сифатида кўрилаётганини билдирган. Унинг келтиришича, сўнгги йилларда ҳиндистонлик мутахассисларга бўлган қизиқиш сезиларли даражада ошган: 2022 йилда Ҳиндистон фуқароларига Россияда ишлаш учун қарийб 8 мингта рухсатнома берилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 14 мингдан ошган, 2024 йилда эса 36 мингга етган. 2025 йил учун Россия ҳукумати визали давлатлар учун умумий квотани қарийб 235 минг иш ўрнига белгилаган, шундан тахминан 30 фоизи – 71,8 минг ўрин айнан Ҳиндистон фуқаролари учун ажратилган.
Декабрь ойида Владимир Путиннинг Ҳиндистонга ташрифи чоғида томонлар ишчи кучи мобиллиги бўйича келишув имзолаган. Ушбу келишув Ҳиндистон фуқароларини Россияга ишга жалб қилишни соддалаштиришга қаратилган. Бунгача Ҳиндистоннинг Санкт-Петербургдаги бош консули Нилам Рани келажакда Россияга 400 минг нафаргача ҳиндистонлик меҳнат мигрантлари юборилиши мумкинлигини айтган.
Хориждан ишчи кучини жалб этиш Россия иқтисодиётида кескин кадрлар танқислиги фонида амалга оширилмоқда. Бу танқислик Владимир Путин Украинага қарши урушни бошлаганидан сўнг янада кучайган. Олий иқтисодиёт мактаби маълумотларига кўра, 2024 йил охирига келиб Россия компанияларига 2,6 миллион нафар ходим етишмаган. Мамлакат Меҳнат вазирлиги прогнозига кўра, 2030 йилга бориб кадрлар танқислиги 3,1 миллион кишига етиши мумкин, иқтисодий ўсишни таъминлаш учун эса 2032 йилга қадар чет элдан 12 миллиондан ортиқ одамни жалб қилиш зарур бўлади.
Росстат маълумотига кўра, 2025 йил август ойида Россияда ишсизлик даражаси 2,1 фоизни ташкил этган бўлиб, бу тарихий минимум ҳисобланади. Шунга қарамай, Газпромбанк таҳлилчиларининг баҳолашича, иқтисодиёт эҳтиёжлари ҳали ҳам мавжуд меҳнат ресурсларидан юқори.
Ҳукумат ва бизнес муаммони ҳал қилишнинг турли йўлларини изламоқда. Россия саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи йиллик ортиқча иш соатлари меъёрини 240 соатгача оширишни таклиф қилган ва ҳукумат бу чорани бизнесни ривожлантириш миллий моделига киритган. Вояга етмаганларни ишга олиш қоидалари соддалаштирилган, ишлаётган пенсионерларга пенсияларни индексация қилиш қайта тикланган.
Шу билан бирга, меҳнат миграцияси кўлами кенгайтирилмоқда. Бош вазир ўринбосари Денис Мантуров 5 декабрь куни Россия Ҳиндистондан “чекланмаган миқдорда” мигрантларни қабул қила олишини айтиб, фақат қайта ишлаш саноатининг ўзида камида 800 минг нафар ишчи, савдо соҳасида эса 1,5 миллион нафар ходим зарурлигини таъкидлаган. Савдо-саноат палатаси раҳбари Сергей Катириннинг сўзларига кўра, бизнес вакиллари Непал, Вьетнам ва Бангладешдан ҳам ишчиларни жалб қилишга тайёрланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Ички ишлар вазирлиги 2025 йилда мигрантларнинг деярли 60 минг иш патентини бекор қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси