“Катта”лар келишолмади. Жапаров яна президент бўлмоқчи – Qalampir.uz дайжести

Таҳлил

−

Reklama
0:00

Кун давомида Ўзбекистон ва жаҳон миқёсида содир бўлган муҳим ҳодисалар тафсилоти билан Qalampir.uz дайжести 

Қаршида Телеграм орқали экстремизмга чорлаган гуруҳ фош этилди

Қарши шаҳрида яшовчи 20 ёшли шахс Телеграм мессенжерида гуруҳ тузиб, унда экстремистик ғояларни тарғиб қилгани аниқланди.

Маълум қилинишича, 2006 йилда туғилган фуқаро дастлаб ижтимоий тармоқлар орқали экстремистик оқимлар ёлловчиларининг таъсирига тушган. Шундан сўнг у Телеграм мессенжерида 1980–2007 йиллар оралиғида туғилган 13 нафар аъзодан иборат виртуал гуруҳ ташкил этган.

Гуруҳда радикал ғоялар тарғиб қилинган, шунингдек, “жиҳод” ва “шаҳидлик”ка чорловчи материаллар тарқатилган.

Мудофаа вазирига танбеҳ берган ҳарбий тақдирланди

Ҳарбий Мудофаа вазирига танбеҳ берса бунининг охири нима билан тугайди? Лавозимидан озод қилинади дейишга шошилманг. Балки тақдирланар. Бўлмаган гап дейишингиз мумкин. Лекин айнан шу ҳодиса АҚШда содир бўлди. Гап шундаки, бундан бир неча кун аввал АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет ва унинг жамоаси Арлингтон миллий қабристонига борган. Фахрийлар кунига бағишланган маросимдан сўнг Ҳегсет номаълум аскар қабри олдидаги зинапояларда рафиқаси Женнифер Рауше ва ўз жамоаси аъзолари билан суратга тушган. Гуруҳ суратга олишни якунлаётганида баланд кулги эшитилган.

Бу вақтда мақбарада навбатчилик қилаётган АҚШ армияси ҳарбийси Томас Иглесиас уларга “Барча ташриф буюрувчилар доимо сукунат ва ҳурмат муҳитини сақлаши шарт”, деб баланд овозда танбеҳ берган.

Пентагон матбуот котиби Шон Парнелл аскарнинг ҳаракатини тўғри деб баҳолаган. Унинг айтишича, ҳарбий хизматчи барчага хотира маросимида одоб сақлаш кераклигини эслатган.

Ушбу ҳолат акс этган видео интернетда кенг тарқалди. Сўнгра, Ҳегсет АҚШ армиясининг 3-пиёда полки – “Эски гвардия” сафида хизмат қилувчи мутахассис Томас Иглесиасга медаль топширди. Вазир мукофот топшириш жараёнидаги суратни ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилиб: “Биз аскарларни яхши кўрамиз. Биз тартиб-қоидаларни қадрлаймиз. Баракалла, мутахассис. Хизматда давом эт”, деб ёзган.

Трамп ва Нетаньяху жанжаллашиб қолди

АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Эронга қарши ҳарбий ҳужумларни қайта бошлаш масаласида телефонда кескин тортишиб қолди. Суҳбатдан хабардор манбалардан бири икки етакчи ўртасидаги мулоқотни “дўзахдан чиққан бақир-чақир жанжали” деб таърифлади.

Икки етакчи ҳафта охирида бўлиб ўтган телефон суҳбати давомида Эронга қарши ҳужумларни қайта бошлаш масаласида кескин келишмовчиликка борган.

Трамп маъмурияти Теҳрон билан келишувга эришиш учун дипломатик имкониятлардан фойдаланмоқчи. Нетаньяху эса Эрон ҳукумати ҳокимиятда қолар экан, унинг ядровий таҳдидини бутунлай бартараф этиб бўлмайди, деб ҳисоблайди.

Исроил Бош вазири девони Трамп ва Нетаньяху бир-бирига бақиргани ҳақидаги хабарларни рад этиб, суҳбат зиддиятли руҳда ўтмаганини билдирган.

Музокаралардан хабардор дипломатнинг сўзларига кўра, Нетаньяху ҳужумларни қайта бошлашга кўндириш учун Трампга ҳар куни қўнғироқ қилмоқда. Бироқ Оқ уй ичидаги ва ташқарисидаги айрим шахслар янги ҳарбий операциянинг олдини олишга уринмоқда.

Россиядан чиқариб юборилган мигрантлар сони уч баравар ошди

Россияда 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида 143,1 минг нафар хорижликни мамлакатдан маъмурий тартибда чиқариб юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида хорижлик фуқароларга нисбатан 1,8 миллионта маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси расмийлаштирилган. Шунингдек, 78,7 минг нафар хорижликнинг Россияда вақтинча бўлиш муддатини қисқартириш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Ҳисобот даврида қарийб 4,8 минг нафар хорижлик депортация қилинган. Бундан ташқари, 290,8 минг нафар шахсга Россияга киришга рухсат берилмаган.

Маълумотларга кўра, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Россияга 6,9 миллион нафар хорижлик ва фуқаролиги бўлмаган шахс кирган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 фоиз кам. Уларнинг 4,7 миллион нафари Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар фуқаролари бўлган.

Туркияда ҳарбий вертолёт қулаб, 4 нафар аскар ҳалок бўлди 

Туркиянинг Малатя вилоятида С-70 русумли ҳарбий вертолёт ҳалокатга учраши оқибатида бортдаги 4 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди.

Маълум қилинишича, ҳодиса Малатя вилоятининг Яшилюрт туманидаги Саманкўй ҳудудида юз берган. Ҳозирча вертолёт нима сабабдан қулагани номаълум. Воқеа жойига тез ёрдам машиналари, ўт ўчириш ва тиббиёт ходимлари юборилган.

Дастлаб вертолёт қолдиқлари топилгани ва қидирув-қутқарув ишлари бошланганлиги маълум қилинган. Кейинроқ Туркия Миллий мудофаа вазирлиги ҳалокат оқибатида 4 нафар ҳарбий ҳалок бўлганини тасдиқлаган.

Туркия мудофаа вазири Яшар Гулер ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган.

Ҳодиса юзасидан Малатя вилояти Республика Бош прокуратураси тергов бошлаган. Шунингдек, ишга бир нафар бош прокурор ўринбосари ва икки нафар прокурор жалб этилган.

Қирғизистонда президентликка номзодлар 11 нафарга етди

Қирғизистонда 2027 йилги президентлик сайловларида қатнашиш учун 11 киши номзод сифатида илгари сурилди. Номзод кўрсатиш муддати 13 ноябрь куни якунланди.

Номзодларни қўллаб-қувватловчи сайловчилар имзоларини йиғиш жараёни давом этмоқда. Бу босқич жорий йилнинг 8 декабригача ўтказилади. Қонунчиликка кўра, ҳар бир президентликка даъвогар рўйхатга олиниши учун камида 30 минг сайловчининг имзосини тўплаши керак.

Номзодларни рўйхатга олиш учун зарур ҳужжатларни қабул қилиш 2026 йилнинг 13 декабрь кунигача, Президентликка номзодларни рўйхатга олиш жараёни 23 декабрь кунигача давом этади.

Қирғизистондаги президентлик сайловлари эса янги 2027 йил 27 январда ўтказилиши белгиланган.

Мамлакатнинг амалдаги президенти Садир Жапаров аввал берган интервьюларидан бирида “2027 йилда олти йиллик президентлик муддатим якунлангач, агар Қамчи тайёр бўлса, қайта президентлик сайловига номзодимни қўймайман”, деган эди. Аммо у янги сайловда ҳам президентликка даъвогарлар орасида бор.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг