Кастрация, умрбод қамоқ, ўлим жазоси. Педофилларни нима қилса бўлади?

Интервью

Вояга етмаган қизларнинг зўрланиши, йўқотилган болалик, педофилия – бугун яна шу мавзу кун тартибида. Ўтган ҳафта Наманганда 7 ёшли қизнинг 38 ёшли қариндоши томонидан зўрлангани ҳақидаги хабар совимасидан, куни кеча 16 йилга қамалган педофил Оҳангаронда манзил колониядан қочиб, 3-синф қизнинг номусига теккани маълум бўлди. Ҳа, у ўша куннинг ўзидаёқ ушланди. Аммо уларнинг иккаласи ҳам бу жиноятни – норасидаларни зўрлашни –биринчи марта қилмаган. Бундай жиноятлар сурункасига авж олаётгани эса одамни ташвишга солади, норозилик ҳиссини уйғотади.

Наманганда содир бўлган ўша жирканч ҳодиса ортидан ўзбек депутатлари педофилларга умрбод қамоқ жазоси сўрай бошлади. “Миллий тикланиш” демократик партияси депутати Дилноза Азизова бу каби ҳолатларга жиддий жазо –умрбод озодликдан маҳрум қилиш чораси белгиланишининг вақти келганини айтди.

“Бундай жиноятчилар учун кечириш, енгиллик ёки ‘яхши хулқ’ деган гап бўлмаслиги шартлигининг яна бир исботига гувоҳ бўлдик”, деди Азизова.

“Адолат” СДП депутати Дилмурод Исмоилов эса болага нисбатан жинсий тажовуз қилган шахсларга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини жорий этиш, такрорий содир этилган шундай жиноятлар учун жазони енгиллаштириш, шартли озод қилиш ёки альтернатив жазо турларига ўтказишни мутлақо тақиқлаш механизмларини киритиш лозимлигини билдирди.

Хўш, инсониятга ва болалар психологиясига кучли хавф туғдираётган бу “табиат хатолари”ни жамиятдан қандай изоляция қилиш мумкин? Масалан, қўшниларимиз биздан илдамроқ: Қирғизистонда педофилларга нисбатан ўлим жазоси жорий этилиши мумкин, Қозоғистонда эса улар кимёвий кастрация қилинади. Ўзбекистонда эса уларга берилаётган жазо чоралари етарлими? Биз ҳам қўшни давлатлардан андоза олишимиз керакми? Айни шу савол билан биз ўзбекистонликларга юзландик.

Респондентларимизнинг кўпчилиги педофилларга қандай жазо чорасини кўриш мумкинлиги ҳақида радикал жавоблар қайтарди. “Ўлим. Бошқа чораси йўқ. Ўзини билмаганларга шу”, деди улардан бири. Бошқаси: “Менимча, олий жазо бериш керак”, дейди. “Отиб ташлаш керак уларни, ундайларнинг дунёга фойдаси йўқ”, деди бошқа респондент. Яна бири эса уларни жамиятдан узоқ тутиш кераклигини, агар бундай бўлмаса, ўлдириш лозимлигини таъкидлади.

“Болаларни, ёшларнинг тарбиясини бузяпти-ку булар. Мана, кўп қаватли уйлар орасида шундай ишларга гувоҳ бўлдик. Ўзим 6-кварталда тураман, бизда шундай воқеа бўлди. Ёш йигит қилди бу ишни, ҳамма додлади”, дейди у.

Ўзининг адабий-маърифий контентлари билан танилган ижодкор Ўлмас Темур эса бундан икки йил аввал Хоразм вилоятида оилавий меҳрибонлик уйининг вояга етмаган 3 нафар тарбияланувчиси вилоят адлия бошқармаси ва туман ФВБ раҳбарлари билан жинсий алоқа қилишга мажбурланганини эсга олди. У ўшанда педофилларни кастрация қилиш кераклигини айтганини, ўлим жазосидан кўра буни оғирроқ жазо деб билишини билдирди.

“Бутунлай виждон азобида қийналиб, ўзини ўлдириб юборса ҳам яхши бўлади. Менга қолса, ўлим жазоси эмас, лекин ўлимдан ҳам оғирроқ – кастрация қилинса, адолатли бўларди деб ўйлайман”, деди сўровнома иштирокчиси.

Ушбу сўравномани тўлиқ шаклда юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

жинсий тажовуз Педофиллар умрбод қамоқ педофилия Дилмурод Исмоилов Кастрация Дилноза Азизова Ўлмас Темур

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг