Каримовсиз ҳам Ўзбекистон мустақил бўлармиди ёхуд истиқлолга эришиш хроникаси

Таҳлил

image

Бошқа мамлакатлар қаторида Ўзбекистон учун ҳам давлат мустақиллигини эълон қилиш, зулукдек ёпишиб, йиллар давомида сўриб келган мустамлакачиларни мамлакатдан юлиб чиқариш осон кечмагани аниқ. Бироқ, бу воқеалар хроникаси билан кўпчилик таниш эмас. 

Савол туғилади: Ўзбекистон Каримовсиз ҳам мустақил бўлармиди? Ўзбекистон тарихий ҳодисалар йўсини ва бошқа бир қатор объектив омилларга кўра мустақил давлатга айланар эди. Аммо ўша долғали йиллардан омон-эсон ўтишда, кимгадир қарам бўлиб қолмасликда, энг муҳими фуқаролик урушини, миллатлараро урушларнинг олдини олишда мамлакатнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг меҳнати беқиёс бўлган. 

Ҳаммаси 1990 йил 20 июнда Ўзбекистон Олий Кенгаши томонидан Мустақиллик декларацияси қабул қилинишидан бошланди. 

1991 йилнинг 17 августи. Мамлакат Президенти Ислом Каримов Ҳиндистонга расмий ташрифни амалга оширди. Бу Президент Каримовнинг хорижга қилган мустақил биринчи ташрифи эди. 

1991 йил 18 август, Москва. Ўзини Фавқулодда ҳолат давлат қўмитаси – ГКЧП деб атаган бир гуруҳ авантюристлар – СССР вице-президенти Геннадий Янаев, Министрлар совети раиси Валентин Павлов, КГБ раиси Владимир Крючков, Мудофаа вазири Дмитрий Язов, Ички ишлар вазири Борис Пуго ва бошқа катта лавозимдаги партия ва давлат арбоблари Горбачев бошчилигидаги қонуний ҳокимиятни ағдариб, давлат тўнтаришини содир этишга уринди. 

Фавқулодда ҳолат давлат қўмитасининг мурожаати Ислом Каримов Ҳиндистон сафарида юрган бир пайтда, 19 август куни эълон қилинди. 

Совет раҳбариятининг баёноти: 1991 йил 19 август Москва вақти билан соат 04:00 дан бошлаб 6 ой муддатга фақулодда ҳолат жорий этилсин. СССРда фавқулодда ҳолат давлат комитетининг қарорлари Совет Иттифоқининг бутун ҳудудида, жамийки ҳокимият ва бошқарув идораларининг, мансабдор шахслар ва фуқароларнинг оғишмай ижро этиши учун мажбурий деб белгилансин. 

Ислом Каримов ГКЧП эълон қилинганини Аграда эшитгач, расмий ташрифини муддатидан аввал якунлади ва зудлик билан Тошкентга қайтиш учун мутасадди одамларга кўрсатма берди.  

Каримовнинг сафарда эканидан фойдаланиб, ГКЧПнинг ноқонуний қарорларини қўллаб-қувватлайдиган раҳбарлар Ўзбекистонда ҳам топилган. 

1991 йил 19 август куни Ўзбекистон ССР вице-президенти Шукурулло Мирсаидов, Ўзбекистон компаритияси Марказий Қўмитасининг иккинчи котиби Ефимовнинг имзоси билан Ўзбекистон вилоятлари ва Қорақалпоғистонга ССРга Фавқулодда ҳолат давлат қўмитасини қўллаб-қувватлаш тўғрисида кўрсатма юборилди. 

19 август куни Ислом Каримов ўтирган самолёт Тошкент аэропортига келиб қўнди. Каримовни мамлакат расмийларидан ташқари, Туркистон ҳарбий округи бош қўмондони ҳамда Марказдан келган уч нафар генерал кутиб олди. Бу мавжуд қонун-қоидаларга мутлақо зид эди. Ислом Каримов ўша куни кечқурун Ҳукумат аъзолари билан учрашиб, Ўзбекистон ҳудудида ГКЧПнинг қонунга зид қарорларини бекор қилиш ҳақида кўрсатма берди. Шу тариқа ГКЧП гумашталари Ўзбекистон Ҳукумати номидан қабул қилган барча ҳужжатларни бекор қилди. Ўзбекистон ҳудудида ГКЧП фаолияти батамом тўхтатилди. 

1991 йил 20 август куни Ўзбекистон Олий Кенгаши раёсати, Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри раҳбарлари иштирокида қўшма мажлис ўтказилди. Унда сўзга чиққан Президент Ислом Каримов СССРда юзага келган вазиятга фавқулодда ҳолат давлат қўмитаси ва унинг раҳбарлари қабул қилган қарорларга Ўзбекистон раҳбариятининг муносабатини очиқ-ойдин баён этди. Ўша куниёқ Каримовнинг республика аҳолисига мурожаати эълон қилинди: 

“Ҳар биримиз оғир ва вазмин бўлишимиз керак. Бошимизга тушган бу синовлар ноаниқ давр ва шароитдан авваламбор ақл ва идрокимизни бир жойга йиғиштириб, инсоф ва виждонни йўқотмасдан, саросимага тушмасдан чиқишимиз керак. 

Ўзбекистон жумҳурияти, унинг раҳбарияти қайта қуриш даврида ҳам ҳеч қачон бировнинг гапига кириб иш тутган эмас. Марказдан, бошқа баъзи бир жумҳуриятлардан қандай қарорлар чиқмасин, ваъдалар берилмасин, ҳар қандай чақириқлар, даъватлар, йўл-йўриқ кўрсатишга ҳаракатлар бўлмасин, биз ўзимиз танлаган йўлимиздан ва белгилаб олган мақсадимиздан қайтганимиз йўқ”. 

1991 йил 21 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов махсус фармонга имзо чекди. Унда шундай дейилади: 

“Ўзбекистон ССР ҳудудида ҳокимият ва бошқарув идоралари корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг қабул қилган барча қарорлари ва уларнинг ижроси СССР ва Ўзбекистон ССР Конституциялари ва қонунларига, Ўзбекистон ССР Президенти фармонлари, Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши билан Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига сўзсиз мос келиши керак. 

СССРда фавқулодда ҳолат давлат қўмитасининг СССРнинг Конституцияси ҳамда қонунларига, Ўзбекистон ССРнинг Конституцияси ҳамда қонунларига зид келадиган фармонлари ва қарорлари ҳақиқий эмас, деб ҳисоблансин”. 

1991 йил 27 август куни оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакат тўла мустақиллигига тамал тоши қўйган яна бир муҳим фармони эълон қилинди. 

Мамлакатда вужудга келган аҳволни инобатга олиб ва республика манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида: 

Республика Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлиги комитети Ўзбекистон ССРнинг қонуний тасарруфига олинсин. 

Республика ҳудудида жойлашган СССР Ички ишлар вазирлигининг ички қўшинлари бевосита Ўзбекистон ССР Президентига бўйсундирилсин.

Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши Раёсатига жуда қисқа муддатда республиканинг Давлат мустақиллиги тўғрисидаги Қонун лойиҳасини тайёрлаш ва уни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси муҳокамасига тақдим этиш таклиф қилинсин. 

Бу орада Фавқулодда ҳолат давлат қўмитасининг уч кунлик умри ниҳоясига етди. Уларга қарши жиноят иши қўзғатилди. 

Ислом Каримов мамлакат учун мураккаб бир даврда вазминлик ва сабр-тоқат кўрсатганликлари, иғвогарона миш-мишлар ва сохта чақириқларга учмаганлари учун республика фаоллари ва халқига самимий миннатдорчилик билдирди. Кўп қийинчиликларни бошдан кечирган мард ва саботли Ўзбекистон халқи бу имтиҳондан ҳам шараф билан ўтганини таъкидлади. 

Ниҳоят орзиқиб кутилган сана – 1991 йилнинг 31 август куни етиб келди. Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг 6-сессиясида мамлакат мустақиллиги эълон қилинди. 

“Мамлакатнинг катта фалокат ёқасига, жар ёқасига келиб қолганини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Халқ ўзининг эртанги кунга ишончини кундан кунга йўқотяпти. Одамлар ўзларининг, оиласининг, бола-чақаси тинчлигининг кафолатини истайди. Тўкис, хотиржам ҳаёт талаб қиляпти. Бу истаклар, бу талаблар сафсатабозлик ва ваъдабозликлар остида кўмилиб кетяпти. Бизнинг халқимиз сабр-бардош, яхшилик, осойишталик, бошқа халқларга нисбатан ҳайрихоҳлик руҳида тарбияланган. Бу халқ бугун биздан ҳимоя талаб қиляпти. Тинч-тотув ҳаёт, оғир меҳнатига яраша турмуш шароитларини талаб қиляпти. Бу ҳаққоний талабдир. Ўзбекистон раҳбарияти ҳеч қачон қанақа иттифоқ бўлмасин, ким билан иттифоқ бўлмасин, қандай шароит бўлмасин, иккинчи даражали ролга рози бўлмайди, бунга йўл ҳам қўймайди. Мен шу бугундан эътиборан, 1 сентябрни жумҳуриятимизда мустақиллик куни – умумхалқ байрами деб эълон қилишни таклиф этаман”, деган эди Каримов. 

Ушбу воқеа телевидение орқали жонли эфирда кўрсатилди. Депутатлар мамлакат раҳбарининг баёнотини нақадар саросима ҳолатида қабул қилганликлари ўша ҳодиса шоҳиди бўлганларнинг ҳали ҳам эсида. Юз йилдан ортиқ муддат давомида улкан империянинг чекка бир музофоти бўлиб келган мамлакатнинг раҳбари томонидан қилинган бу қадар дадил баёнотга одамлар қандай муносабатда бўлишни билмас эди.
 
Ўша лаҳзаларда ушбу тарихий ҳодиса аҳамиятини жуда кам одам англагани бор гап. Зал сукунатга чўмган. Президент Ислом Каримов йиғилиш иштирокчиларини “Қани қарсакларингиз?!” деб саволга тутганидан кейингина улар бироз ҳушёр тортиб, қўрқа-писа қарсак чалган эди.

Ўша куннинг ўзида “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини эълон қилиш тўғрисида” қарор ҳамда “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида” қонун қабул қилинди.
 
У вақтларда Каримов нафақат лавозимидан маҳрум бўлиши, айни чоғда, унинг шахсий дахлсизлиги ҳам хатар остида қолиши мумкин эди. Бу даврда Ўзбекистон – Совет Социалистик Республикалари Иттифоқи таркибида бўлиб, мамлакат ҳудудида совет армиясининг Туркистон ҳарбий округи қўшинлари жойлаштирилган эди.
 
СССР давлатининг парчаланиши арафаси барча республикаларда ички сиёсий беқарорлик ва иқтисодий турғунлик авж олгани билан ёдда қолган.

Ўзбекистонда мустақилликнинг эълон қилиниши турган гапки, собиқ Марказдаги кучлар ва уларнинг Ўзбекистондаги тарафдорлари томонидан мотам билан кутиб олинди. Улар Ўзбекистоннинг Истиқлол йўлидаги қатъий ҳаракатларини йўққа чиқариш учун зимдан тайёргарлик кўра бошлашди. 

1991 йил 30 сентябрь.Ўзбекистон мустақиллигининг эълон қилинганига эндигина бир ой бўлган. Ўзбекистон Олий Кенгашининг навбатдан ташқари VII сессияси. Собиқ Марказдаги империяпараст кучлар ва уларнинг ўзимиздаги амалпараст ва аламзада тарафдорлари томонидан Президент Ислом Каримовга қарши пухта ўйланган фитна тайёрланди. 

Бундан бир ой аввал Ўзбекистон мустақиллигига қарсак чалган депутатларнинг айримлари мансаб ва мартаба илинжида сўзга чиқиб, Президент Ислом Каримовнинг истеъфосини талаб қилдилар. 

Ўша пайтда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари ҳали қабул қилинмаган эди. Ёш Ўзбекистоннинг ҳарбий ва фуқаролик тузилмалари тўла шаклланмаган эди. Шуларни ҳисобга оладиган бўлсак, бу фитна замирида Ислом Каримовни раҳбарликдан четлатиш орқали ўзбек халқини яна бировларга қарам қилишдек разил мақсадлар яширинганини англаш қийин эмас эди. 

Бундан кейинги йилларда ҳам Ўзбекистоннинг суверенитети, чегарларига, мустақиллигига бир неча бор таҳдидлар бўлди. Халқимиз кўп таҳликали кунларни бошдан кечирди. Бироқ, ирода, жасорат ва матонат билан эришган мустақиллигини сақлаб қолди. Бугун эса Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида мустақилликнинг дахлсизлиги янада мустаҳкамланиб, эркин ва фаровон ҳаёт кафолати ортиб бормоқда. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

505

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг