Каримов Хонобод базасидан фойдаланиш учун АҚШга нега рухсат берган?
Бу қизиқ
−
11 Сентябрь 2019
14803Бундан 18 йил аввал, 2001 йил 11 сентябрь куни АҚШда 3000 га яқин инсон ҳаётига зомин бўлган фожиа – тарихдаги энг мудҳиш террорчилик ҳужуми рўй берди.
Худкуш қўпорувчилар тўдаси тўртта йўловчи самолётини гаровга олди, уларнинг иккитаси Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази жойлашган 110 қаватли эгизак биноларга бориб урилди, учинчи самолёт АҚШ Мудофаа вазирлигининг Вашингтондаги биносига, тўртинчиси эса Питтсбург шаҳридан 80 миль нарига қулаганди.
Ушбу даҳшатли воқеа, таъбир жоиз бўлса, дунёни остин-устун қилиб юборди.
Халқаро коалиция кучлари томонидан Афғонистонда аксилтеррор операцияларини муваффақиятли амалга оширишда эса Ўзбекистоннинг қўллаб-қувватлаши муҳим роль ўйнади.
1989 йили Афғонистондан совет қўшинлари чиқиб кетгач, Ўзбекистон ушбу мамлакатдан ёйилаётган таҳдидларга қарши ёлғиз ўзи курашишга мажбур бўлганини инобатга олмоқ лозим. 1997 йили толиблар Ўзбекистон сарҳадларига яқин келиб, мамлакатнинг чегара шаҳри – Термизнинг аҳоли яшаш мавзеларига ракета отиб, очиқ-ошкора таҳдид солган пайтда ҳам ёш Ўзбекистон давлатига чегарани мустаҳкамлаш ва мудофаа қобилиятини ошириш борасида ҳеч ким амалий ёрдам кўрсатмаган.
Таъкидлаш жоизки, ўша кезлар Афғонистон Марказий Осиё давлатларидаги дунёвий тузумларни ағдариб, диний фундаментализм тамойилларига асосланган бошқарувни ўрнатишга ҳаракат қилган радикал кайфиятдаги жангарилар тайёргарликдан ўтадиган асосий марказлардан бири эди. Мазкур кучлар Ўзбекистонда террорчилик актларини содир этган, қўшни Тожикистондаги фуқаролар урушида ҳам қатнашган эди. Бу жиҳатдан, 1990-йилларда “Толибон” режимига қарши тура оладиган асосий куч саналган “Шимолий альянс” тор-мор этилгач, мутаассиб жангарилар вақт ўтиши билан Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистонда фаол ҳаракат бошлаши кундек равшан эди.
Буларнинг барини ҳисобга олган Ўзбекистон Ҳукумати “кимнинг қўли баланд келаркан” дея томошабин бўлиб турмади, билъакс, қўшни мамлакатдаги террорчилар ўчоғига айланган барча лагерларни ёпишга ваъда берган халқаро коалиция кучларига баҳоли қудрат ёрдам кўрсатди.
2001 йил 30 сентябрь ва 5 октябрь кунлари АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони Томми Фрэнкс ҳамда АҚШ Мудофаа вазири Дональд Рамсфельд Тошкентга келиб, мамлакатнинг ўша вақтдаги Президенти Ислом Каримов билан учрашди.
Эришилган келишувга кўра, Ўзбекистон жанубидаги Қарши-Хонобод аэродроми АҚШ бошчилигидаги халқаро коалицияга аксилтеррор операция ўтказиладиган муддатга берилди. Аэродром орқали Афғонистон аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш, қўшиннинг фронторти таъминоти, шунингдек, қидириш ҳамда қутқариш операциялари каби чора-тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилган эди.
Ушбу музокаралардан икки кун ўтиб, 2001 йилнинг 7 октябрида АҚШ Президенти “Enduring Freedom” (Давомий ҳуррият) харбий операциясининг бошланишини эълон қилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь