Карантин вақтида ниқобсиз юрганларга маъмурий жавобгарлик белгиланади
Жамият
−
24 Март 2020
7098Аввал хабар берганимиздек, бугун, 24 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Мажлисда кун тартибидаги масалалардан бири – “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.
Қонун билан карантин шароитида жамоат жойларида ниқобсиз юриш, шу жумладан, шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Шунингдек, давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ва даволанишдан ўтиш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва улар борган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик ҳам маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
Шу билан бирга, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 50 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси