Каддафий ўғлининг дафн маросими ўтказилди

Олам

image

Кеча, 6 февраль куни Ливияда собиқ етакчи Муаммар Каддафий ўғли Саиф ал-Ислом Каддафийнинг дафн маросими бўлиб ўтди ва унда минглаб одамлар иштирок этди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.

Маросим кеча, 6 февраль куни Триполи шаҳридан 175 километр жанубда жойлашган Бани Валид шаҳрида бўлиб ўтган.

Саиф ал-Ислом Каддафий 4 февраль куни Ливиянинг шимоли-ғарбидаги Зинтан шаҳрида жойлашган уйида отиб ўлдирилган. Маълумотларга кўра, у уйига бостириб кирган тўрт нафар қуролланган номаълум шахс билан тўқнашув вақтида ҳалок бўлган.

Ливия Бош прокуратураси Каддафий ўқ жароҳатлари оқибатида вафот этганини тасдиқлаган. Ҳодиса юзасидан тергов олиб борилаётгани маълум қилинган. Ҳозирча гумондорлар аниқланмаган.

Дафн маросимига йиғилганлар уни собиқ раҳбарнинг вориси деб билишган. Саиф ал-Ислом Каддафий отасининг 40 йиллик ҳокимияти даврида биронта расмий лавозимда бўлмаган, бироқ амалда муҳим сиёсий роль ўйнаган. У ўзини ислоҳотчи сифатида кўрсатиб, халқаро можаролар бўйича музокараларда қатнашган.

2021 йилда Саиф ал-Ислом Каддафий президентликка номзодини қўйган, бироқ мамлакатда режалаштирилган сайловлар сиёсий бўлиниш сабабли ўтказилмаган.

Маълумот учун, Саиф ал-Ислом Каддафий 1972 йил 25 июнда туғилган бўлиб, 2011 йил кузида ўлдирилган Ливия раҳбарининг иккинчи ўғли эди. 1997–1998 йилларда у Каддафий халқаро хайрия ва ҳамкорлик жамғармасини ташкил этишга ташаббус кўрсатган. Жамғарма раҳбари сифатида у афғон толиблари ва Филиппиндаги исёнчилар билан ғарбий гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокаралар олиб борган. 2003 йилда Буюк Британия билан савдо муносабатлари бўйича музокараларда фаол иштирок этган.

2008 йилда Саиф сиёсатдан кетишини ва отасининг вориси бўлиш нияти йўқлигини эълон қилган. 2010 йилда у Ғазо секторига қўйилган блокадани юмшатишда фаол қатнашган. 2011 йилда фуқаролар уруши вақтида отаси ҳалок бўлгач, Саиф қўзғолончилар томонидан қўлга олиниб, судга тортилган. 2015 йилда 2011 йилги намойишларни бостириш билан боғлиқ иш бўйича ўлим жазосига ҳукм қилинган. Аммо, 2017 йил ўрталарида умумий амнистия тўғрисидаги қонун асосида озод қилинган.

2021 йилда Ливия расмий прокуратураси уни “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси жангчилари билан алоқадорликда гумон қилиб, ҳибсга олиш ордерини чиқарган.

Муаммар Каддафий Ливияни 42 йил бошқарган ва НАТО томонидан қўллаб-қувватланган мухолифат оқибатида ҳокимиятдан ағдарилган. 2011 йил 20 октябрда у Сирта шаҳри яқинида исёнчилар томонидан ўлдирилган. Шундан сўнг Ливия ягона давлат сифатида фаолият юрита олмай қолган ва рақобатдаги маъмуриятларга бўлиниб кетган.

Жамшидбек Амиров


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

ўғли Каддафий дафн маросим Муаммар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг