Каъбанинг устига чиққан имом Шомил ёхуд 30 йил русларга қарши курашган “Кавказ арслони”
Таҳлил
−
19 Сентябрь 2021
58655“Охирини ўйлаган қаҳрамон бўла олмас”.
Имом Шомил
XIX асрнинг бошларида Кавказорти ерларини Россия империяси ўз ҳудудига қўшиб олди. Шундан сўнг, подшоҳ ҳукумати Шимолий Кавказ (Доғистон, Чеченистон) ҳудудларини ҳам бўйсундиришни истаб қолди. Аммо, Чор Россияси Шимолий Кавказда жуда катта қийинчиликларга дуч келди. Рус босқинчиларига қарши Кавказ халқи аёвсиз кураш олиб борди. Бу курашларда доғистонлик имом Шомил катта жасорат кўрсатиб, узоқ муддат русларга қаршилик қилди. Бугунги мақоламизда Кавказ миллий озодлик-қаршилик ҳаракатининг раҳбари имом Шомил ҳақида сўз юритамиз.
Имоми Шомилнинг ёшлиги
Имом Шомил 1797 йил 26 июнь куни Доғистоннинг Гимри (ҳозирги Унтсукул тумани) қишлоғида туғилган. Унга биринчи бобоси номига Али исми қўйилади. Аммо, болалигида кўп касал бўлганлиги учун Ислом эътиқодига кўра, Али исми Шомилга ўзгартирилади. Ота-онаси уни ёшлигидан тақводорлик руҳида тарбиялади. Шомил ёшлигидан иродаси, қизиқувчанлиги, мағрурлиги ва куч-қудрати билан дўстларидан ажралиб турди. Ёшлигидан араб тилини ўзлаштириб, Қуръони Каримни ёд олди. Имом Шомил 15 ёшлигидан от миниб, қўлига қилич ушлади. Улғайгач фиқҳ (ислом ҳуқуқшунослиги) соҳасида фақиҳ (шариат ҳуқуқшуноси) ва тенги йўқ жангчи бўлиб етишди. Бунга унинг бақувват жуссаси ва икки метрдан ошиқ бўйи омил бўлди.
Кавказ уруши
Россия императори Пётр I (1672-1725) замонидан бошланган империя ҳудудини кенгайтириш ва атрофдаги давлатларга ўз таъсирини ўтказиш сиёсати кейинчалик ҳам фаол давом этирилди. 1801 йили император Aлександр II чиқарган манифестга биноан Грузия Россия таркибига қўшиб олинди ва у ердаги ҳукмрон Баратионлар сулоласи тахтдан маҳрум қилинди. 1804-1806 йилларда Озарбайжоннинг асосий қисми ҳам Россия империясига бўйсундирилди. Россия империяси Наполеонни мағлуб этгач, Европада обрўси ошиб кетди.
XIX асрнинг бошларида Кавказортининг Россияга қўшиб олиниши ортидан бутун Шимолий Кавказни бўйсундириш имконияти юзага келди. Шу тариқа, 1816 йили бошланган Кавказ уруши 48 йил давом этди. Бу уруш империя ғазнасига катта миқдорда зарар келтирди.
Русларга қарши озодлик кураши
XIX аср бошида Шимолий Кавказ мусулмонлари русларга қарши курашиш мақсадида Чеченистон ва Доғистон ҳудудида исломий давлат тузишди. Бу давлатга илк раҳбар этиб имом Мулла Муҳаммад тайинланди.
1820 йилда Доғистонда русларга қарши муридлик (мурид – издош, сўфийлик йўналишларидан бири) ҳаракати кенг ёйилди. Бу ҳаракатнинг асосчиси Мулла Муҳаммад эди. У Доғистон ва Чеченистон халқини русларга қарши кураш олиб боришга чақирди. Имом Шомил дастлаб, Мулла Муҳаммаднинг ёрдамчиси бўлиб, босқинчиларга қарши кураш олиб борди.
1831 йилда генерал-адютант Григорий Данилович Кавказ қўшинларининг қўмондони этиб тайинланди. У 1832 йилнинг 29 октябрида Мулла Муҳаммад қўшинларини мағлуб этди. Гимри қишлоғи яқинида бўлиб ўтган жанг вақтида Мулла Муҳаммад ҳалок бўлди. Шундан сўнг, руслар энди Кавказ халқи бизга бўйсунади деб ўйлашган эди. Аммо, кураш энди бошлаганди.
1834 йилда имом Шомил Кавказ имомати исломий давлатининг имоми сифатида мусулмонларга раҳбар этиб сайланди. Кавказдаги қабилаларнинг тарқоқ ҳолатда бўлиши рус босқинчиларига қўл келмоқда эди. Буни тушунган имом Шомил давлат раҳбари лавозимидаги илк иши тарқоқ қабилаларни бирлаштириш бўлди. Имом бир вақтнинг ўзида давлатнинг иқтисодий ва сиёсий ишларини тартибга сола бошлади. У закот йиғиш тизимини такомиллаштириб, йиғилган маблағни камбағал ва эҳтиёжмандлар орасида тенг тақсимлади.
Имом Шомил босқинчиларига қарши курашда Усмонли империясидан ёрдам олиб турди. У русларга қарши урушнинг партизанчилик ҳаракатини олиб борди. Россия императори Александр II Кавказга янги қўшин ташлашга мажбур бўлди.
1839 йил имом Шомил Ахулго тепалигида уч минг аскари билан генерал Граббе қўмондонлигидаги 10 минг кишилик рус армияси билан 80 кун давомида жанг қилди. Бу жангда имом ўз синглиси, аёли, ўғли Муҳаммад Саидни йўқотди. Бундан ташқари, имом Шомилнинг саккиз ёшли ўғли русларга асир тушди. Рус генерали Милютин Ахулко жанги ҳақида хотинига шундай мактуб ёзган:
“Жанг даҳшатли эди. Аёллар қўлида қурол билан жангда фаол қатнашдилар. Раҳм-шафқат ҳақида ўйлаш ҳам мумкин эмас эди. Тоғликлар ақлдан озгандай аскарларимиз устига ёпирилмоқда. Улар таслим бўлмасдан мардларча жанг қилдилар. Ҳатто, жароҳат олган тоғлик арслондек олишмоқда. Улар таслим бўлиш таклифига милтиқ ўқлари ва ханжар зарбалари билан жавоб беришмоқда”.
1839 йилда Ахулгода оғир мағлубиятдан сўнг, Шомил Доғистонни тарк этиб, Чеченистонга кўчиб ўтишга мажбур бўлади.
Имом Шомил 1840 йилда Чеченистон имоми этиб сайланди. У куч тўплаб, қишлоқларда русларга қарши жанг қилди. 1847 йилнинг ёзида Кавказ урушининг энг узоқ ва қонли жанги бошланди. Бу жангда 3127 нафар тоғлик, 535 нафар рус аскари ҳалок бўлди.
Шомил 1851 йил 13 июль куни генерал-майор Грамотин бошчилигидаги рус армиясини мағлубиятга учратди.
Имом Шомил 1859 йилнинг кузида Гуниб яқинида князь Барятинский бошчилигидаги 70 минг кишилик қўшинга қарши қаттиқ жанг қилди. Руслар ҳийла ишлатиб, “тинчлик сулҳи тузамиз” деган ёлғон билан таслим бўлишни истамаган имом Шомилни қўлга олдилар.
Ватанига бостириб келган рус генерали билан учрашув чоғида Имом Шомил ундан сўради:
— Бизнинг юртга нима сабабдан бостириб келдиларинг, сизларга нима керак?
— Биз ўзимизнинг юксак маданият ва тараққиётимизни сиз ёввойиларга ўргатиш учун келдик.
Шунда Имом Шомил ортида турган мусулмон аскарлардан бирини олдига чорлаб, пойабзалини ечиб кўрсатишни буюрди. Унинг оёғи тоза пайтавага ўралган, беш вақт намоз учун таҳоратда мунтазам ювиб турилгани сабабли озода, ҳидланмаган эди. Сўнг имом рус аскарларидан бирини чақиртириб, унинг ҳам оёғини ечиб кўрсатишини сўради. Рус аскарининг оёғи кирланиб кетган, ҳиди эса чидаб бўлмас даражада эди.
Шунда Имом Шомил рус генералига юзланиб: “Сизлар олиб келмоқчи бўлган юксак тараққиёт шумиди, бизга шундай маданиятни келтирмоқчимисизлар”, деган.
Қўлга олинган имом Шомил 40 га яқин инсонлари билан Россияга император ҳузурига жўнатилди. Россия императори Александр II имом Шомилни ўз саройида юксак илтифот билан кутиб олди. Император имомни кечки овқатга таклиф қилади. Имом Шомилни иштаҳа билан овқатланишини кўрган қиролича, “қўрқаманки бу инсон бироздан сўнг, бизни ҳам еб юборади”, дейди. Бу сўзларни эшитган имом Шомил қироличага қараб, “қўрқманг хоним, бизни динимизда чўчқа гўшти ҳаром”, дея унга жавоб беради. Имом Шомил бир ой давомида император саройида мажбуран меҳмон қилинади. Кейинчалик, имом ва унинг оиласи Калуга шаҳрига кўчирилади.
Имом Шомил ўн йил тутқунликда ушланди. 1869 йил 16 февраль куни Александр II имомга Маккага ҳаж зиёратига бориш учун рухсат беради. Имом Шомил 1869 йил май ойида Истанбулга келди. Усмонли халифаси Абдулазиз I шахсан ўзи имомни кутиб олди. Усмонли гвардиясининг кавказлик қўмондони Усмон Фарид ўзининг кундаликларида Имом Шомил ҳақида шундай ёзади:
“Имом Шомилни кўриб турган жойимда қотиб қолдим. Ул зоти шариф менинг бобомни, отамни жасорат сари руҳлантирган қаҳрамон эди. Ёши анча катта бўлишига қарамай имом ўз ҳайбатини, кишида қўрқув уйғотиш қарашларини йўқотмаган эди”.
Ўша даврда Усмонли халифаси Абдулазиз I ва Миср пошшоси Исмоил ўртасида шахсий муносабатлар кескинлашди. Ҳатто, уруш хавфи ҳам келиб чиқди. Шунда имом Шомил халифа билан Исмоилни яраштириб қўйиш мақсадида воситачилик қилди. У 1869 йилнинг ноябрь ойида Мисрга ташриф буюрди. Имом Шомил Миср ҳукмдори Исмоил пошшо билан учрашди. Исмоил имомни катта тантаналар билан кутиб олади ва уни Сувайиш каналининг очилиш маросимига таклиф қилди. Имом Шомил 16 ноябрь куни канал очилишида иштирок этди.
Имом Шомил 20 ноябрь куни Маккага келди. Жидда станциясида имомни Макка амири ва минглаб мусулмонлар кутиб олишди. Ҳаж мавсумида имом Шомил Маккада эканлигини эшитган юз минглаб мусулмонлар уни кўриш учун Байтуллоҳга келишди. Иложи қолмаган ҳукумат вакиллари имом Шомилни Каъбанинг устига (биринчи бўлиб, ҳазрати Билол Каъбанинг устига чиқиб азон айтган) чиқарди. Имом Шомил тўпланган мусулмонларга саломлар йўллаб, машҳур сўзини айтади. “Охирини ўйлаган қаҳрамон бўла олмас”.
Имом Шомил 1870 йилнинг март ойининг охирида ҳаж қилганидан сўнг, Мадинага ташриф буюрди. Рус империясига қарши курашган Имом 1871 йилнинг февраль ойида Мадинада вафот этади. Имом Шомил Мадинадаги “Ал-Боқий” қабристонига дафн этилган.
LiveБарчаси