Каъбани тавоф қилиш истаги – Саида Мирзиёева Ҳаж сафари таассуротлари билан бўлишди
Жамият
−
19 Апрель 2021
12191Масс-медиа фонди раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида 2013 йил Ҳаж сафаридаги таассуротлари билан ўртоқлашди.
“2013 йил оиламиз учун оғир келди, кутилмаганда яқин бир инсонимиз оламдан ўтиб қолди. Бу мусибат мени ҳаётга бошқача қарашга мажбур этди. Аслида, Аллоҳ паноҳидан бошқа ҳимоямиз йўқлигини ва Ўзига мустаҳкам имонгина бизни қутқара олишини тушундим.
Ўша кунлари қалбимда бир чақириқни ҳис қилдим. Буни сўз билан тушунтириш қийин. Олдинлари бундай кучли туйғуни сезмаган эканман. Каъбани тавоф қилиш, Ҳаж ибодатини адо этиш истаги бутун борлиғимни қамраб олди.
Балки, ҳозир кимдир: “Сиз учун бу муаммо эмас-ку?!” дейиши мумкин. Аммо унда вазият бошқача эди. Ташкилий муаммолар етарлича, яна ўша йили бедаво касаллик – Эбола вируси тарқалгани ҳам ортиқча бўлди. Лекин менинг кўзимга у пайтда ҳеч қандай тўсиқлар кўринмади.
Биз квота бўйича навбат кутиб, ўзбекистонлик зиёратчилар гуруҳида жой қидирдик. Бир йил деганда, йўлимиз очилди ва Саудия Арабистонига йўл олдик.
Ҳаж зиёрати қоидасига кўра самолётимиз Мадина шаҳрига қўнди. Ҳаво 45 даража иссиқ. Бошқа зиёратчилар билан бирга 6-8 кишилик хоналарга жойлашдик.
Ибодатни қаттиқ ушлайдиган бувижоним бошчилигида аммажоним, холам, синглим ва мен – жами 5 аёлмиз.
Самолётдан тушибоқ, бувижоним ҳаммамизни масжидга олиб бордилар. Қорин оч, туну кун тайинли овқат емаганмиз. Эҳсон қилиб, хурмо билан қора нон тарқатиб юрган одамга дуч келганимизда, синглим иккимизнинг хурсанд бўлиб кетганимизни кўрганингизда эди! Умримда бунақа мазали нон емаганман! Ўша кундан хурмога ҳам меҳрим тушиб қолди. Доим ўзим билан (бувижонимнинг бир дунё қуртларига қўшиб), бир жуфт хурмо олиб юрадиган бўлдим.
Эртасига автобусда Маккага йўл олдик. Йўл бўйи талбия айтиб кетдик. Шу нарса хотирамда мухрланиб қолди.
Маккага йўлимиз анча машаққатлар билан кечди. Сафар бошиданоқ кимсасиз жойда автобус бузилиб қолди. Ҳайдовчи арабчада алланималарни тушунтирдию, бизни яқин орадаги бекатга тушуриб кетди. Чўлнинг қоқ ўртаси. Телефонда алоқага чиқиб бўлмайди. Нима қилишни билмай, бекатда ўтирибмиз, чангга ботиб. Орқамиздан сўраб келадиган одам йўқ. Бир соатдан кейин қандайдир автобус кўринди: ойналари синиқ, ичи тўла араб эркаклари. Улар ҳам Маккага кетишаётган экан. Бир амаллаб автобусга чиқиб, жойлашиб олдик. Лекин бу билан саргузаштимиз тугагани йўқ. 2 соатлик йўлдан кейин бу ҳайдовчи ҳам бизни қандайдир блок-постда ташлаб кетди.
4 марта машина алмаштириб, 3 соатлик йўлни 8 соатда босиб ўтдик. Эҳромларимиз кўринишдан уч кун саҳрода пиёда юрган сайёҳларнинг либосига ўхшаб қолганди.
Ниҳоят манзилга етдик, орзуимиздаги маскан – Масжидул-Ҳаромга, муқаддас Каъбага келдик.
Барча машаққатлар айни пайтда ёқимли ҳам эди. Мен атрофдагилар билан бирлигимни ҳис этиб турардим. Аллоҳга яқин бўлиш йўлидаги бу қийинчиликлар мен учун қувончга айланиб кетди.
Биз Ҳажга борган 2014 йили Aрафа куни жумага тўғри келди. Буни Ҳажжул-акбар, дейишар экан. Бу биз учун ҳақиқий омад, бахтимиз бўлди. Aйтишларича, Маккага ўша йилдагичалик кўп одам келмаган эмиш. Каъбани айланар эканмиз, одамлар оқими бизни шунчалик ўзи билан тез тортиб кетардики, неча марта айланганимизни санашга зўрға улгурардик...
Мен кўп давлатларда бўлганман. Лекин бундай муҳитни, бунчалик дунёдан узилиш ҳиссини бошқа ҳеч қаерда ҳис қилмаганман.
Бу ҳисни туйиш барчага насиб этсин. У муқаддас заминга ҳар бир диндошимизнинг оёғи етсин. Яна бир бор Рамазон рўзасини гўзал тарзда ўтказишни тилайман. Ибодатларингиз қабул бўлсин, азизлар”, деб ёзади у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саида Мирзиёева “Заковат” кастингидаги нутқини Қуръон билан бошлаб, ҳадис билан якунлаганди.
LiveБарчаси