Қўйнидан тўкилса қўнжига. Путин жиянини “замминистр”ликка тайинлади
Олам
−
18 Июнь
11906Россия Президенти Владимир Путин ўз қариндошини Мудофаа вазири ўринбосари этиб тайинлади. Путин Анна Цивилевани ушбу лавозимга тайинлаш тўғрисида имзолаган фармон кеча, 17 июнь куни Россия Федерациясининг расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди.
Амалдаги Энергетика вазирининг рафиқаси Анна Цивилева Россия Федерацияси Мудофаа вазирининг янги ўринбосари этиб тайинланди. ОАВ маълумотларига кўра, у Путиннинг жияни ва уларнинг муносабатлари оммадан эҳтиёткорлик билан яширилган.
Анна Цивилева илгари Кемерово вилоятини бошқарган ва ҳозирда Россия Энергетика вазири лавозимида фаолият юритаётган Сергей Цивилевнинг рафиқаси ҳисобланади. Оммавий ахборот воситалари Цивилеванинг Путин билан эҳтимолий муносабатлари ҳақида бир неча бор ёзган. Журналистларнинг фикрига кўра, у Президентнинг амакиваччаси ва бунга етарлича далиллар ҳам мавжуд.
Анна Цивилева (Анна Путина) Россия Президенти Владимир Путинга амакивачча бўлган Евгений Путиннинг қизи ҳисобланади. Улар бир-бирига қанчалик яқин эканлигини Путинлар оиласини ўзида жам қилган эски суратдан англаб олиш қийин эмас.
Цивилева Ивановода туғилган ва у ерда 2000 йилларнинг бошларига қадар психиатрия шифохонасида шифокор бўлиб ишлаган. Путин ҳокимиятга келганидан кўп ўтмай, у Москвага кўчиб ўтди ва пойтахтда истиқомат қилишни бошлади. 2007 йилда Анна Сергей Цивилевга турмушга чиқди.
“Тhe Insider” маълумотларига кўра, Анна Цивилева “Колмар” йирик кўмир компаниясига эгалик қилади. Ўз вақтида ушбу компанияга давлат томонидан кенг миқёсда ёрдам берилгани ҳақида айрим агентликлар текширув эълон қилган. Цивилевлар 2012 йилда “Колмар”нинг улушларига эга бўлади. Айни дамда эса Путиннинг жияни ушбу компаниянинг асосий бенефициари ҳисобланади.
Маълумот ўрнида, 2023 йил охирида Анна Цивилева Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь