Қувайтлик фуқаро Зангиотадаги шифохонада вафот этди. Жасад 4 кундан бери яқинларига берилмаяпти
Жамият
−
19 Октябрь 2020
18783Коронавирусга чалиниб, Зангиотадаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохонада даволанаётган қувайтлик 67 яшар фуқаро Салеҳ Дарвеш вафот этди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар бермоқда.
2003 йилдан буён Ўзбекистонда яшаб келаётган Салеҳ Дарвеш жорий йилнинг 6 октябрь куни тез ёрдам билан Зангиотадаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохонага олиб кетилган. Жорий йилнинг 15 октябрь куни вафот этган.
Мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида QALAMPIR.UZ ўтган ҳафтанинг шанба куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев билан боғланди. Масъул бундан хабардор эмаслиги, ҳолат юзасидан Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси маъмурияти билан боғлангани, беморнинг вафоти ҳақидаги маълумотлар тайёр бўлгач, хабар берилишини айтган эди. Шунингдек, у беморнинг қанд касали борлигини қўшимча қилди.
Қувайтлик бемор Ўзбекистонда вафот этганига 4 кун, QALAMPIR.UZ унинг вафоти ҳақида ССВдан расмий маълумот сўраганига эса 2 кун тўлди. Аммо ҳамон на расмий маълумот берилди, на марҳумнинг жасади яқинларига топширилди. Унинг рафиқаси ҳамон турмуш ўртоғининг жасадини “морг”дан ололмай ҳалак.
QALAMPIR.UZ марҳумнинг рафиқаси билан боғланди. У турмуш ўртоғи шифохонага олиб кетилаётганда МСКТ натижалари бўлгани, беморда икки тарафлама – чап тарафида 10, ўнг тарафида 15 фоиз пневмония аниқлангани, сатурацияси 91 га тушгани ва иситмалагани учун тез ёрдамга мурожаат қилинганини айтади.
Салеҳ Дарвеш 2003 йилдан буён Ўзбекистонда яшаган. Оилали, икки қиз фарзанди бор. У Тошкентга дафн этилади. Бугун, 19 октябрь куни соат 11:30 ҳолатига кўра, унинг жасади ҳамон яқинларига берилмаган.
Марҳум Тошкентга дафн этилади.
LiveБарчаси