Қуршовда қолган Россия. ЕИ Кремлга таҳдид қилди
Олам
−
16 Декабрь 2021
16631Европа давлатлари раҳбарлари Россия томонидан бўлаётган босимлар ортидан унга қарши ягни санкциялар жорий қилади. Бугун, 16 декабр куни Брюсселда Европа давлатлари раҳбарларининг саммити бўлиб ўтди. Унда Европа Иттифоқи давлатлари Россияга қарши янги иқтисодий санкциялар жорий қилиш таклифини билдиришди. Бу ҳақда “Реутерс” ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Сўнгги кунларда Россиянинг Украина ҳудудига бостириб кириши эҳтимоли ортидан АҚШ ва НАТО давлатлари Москвага қарши турли огоҳлантиришлар билан чиқмоқда. Хусусан, Брюсселдаги саммитда Болтиқбўйи ва Европа давлатлари раҳбарлари Россиянинг Европага қарши эҳтимолий ҳужумидан хавотирда эканларини билдиришган. Литва раҳбарига кўра, Москва Ғарбга Беларусь орқали ҳужум қилишни кўзлаган.
Латвия Бош вазири Кришьянис Кариньш Россияни Беларусь билан Европа чегарасидаги Яқин Шарқдан келган муҳожирларни қуроллантиришда, табиий газ нархини сунъий оширишда ва сохта маълумотлар тарқатишда айблаган. “Биз жиддий ҳужумларга учраяпмиз. Буларнинг барчаси ўзаро боғлиқ”, деган у, журналистлар билан бўлган суҳбатда.
“Биз сўнгги 30 йилликдаги энг даҳшатли вазиятга гувоҳ бўлиб турибмиз. Мен нафақат Украина билан боғлиқ вазиятни, балки НАТОга аъзо Шарқий қанот давлатларидаги вазиятни ҳам назарда тутиб айтяпман” дейди Литва Президенти Гитанас Науседа, Брюсселдаги Украина ва яна 4 та собиқ совет давлатлари раҳбарлари иштирокида ўтган учрашувда.
У, Россиянинг Польша ва икки Болтиқбўйи давлатига чегарадош бўлган Беларусь билан ҳарбий интеграция тузиб, Беларусь ҳудудидан “қўшни давлатларга ҳужум қилиш учун эҳтимолий платформа сифатида” фойдаланиши мумкинлигидан қўрқишини тилга олган.
АҚШ ва НАТО ортидан ЕИ ҳам Россияни Донбассга ҳужум қилган тақдирда жиддий иқтисодий муаммолар билан огоҳлантирди.
Европа малакатлари раҳбарлари Германияда Ангела Меркелдан кейин янги канцлер сифатида майдонга келган Олаф Шольцга Кремлга қарши санкцияларнинг асосий ижрочиси сифатида умид билдирмоқда.
Словения Бош вазири Янез Янша, Россия ва Германия ўртасида амалга оширилаётган “Шимолий оқим 2” газ қувурини ётқизиш лойиҳасини тўхтатиш ва Германиянинг ўз саноатини юрғазишда Россия газидан воз кечиши Россия иқтисоди учун жиддий зарба бўлишини таъкидлаган.
Бундан ташқари, бугун НАТО бош котиби Йенс Столтенберг, Россия Украина билан чегара ҳудудида қўшинлари сонини камайтириш ўрнига, аксинча, ошириб бораётганлигини маълум қилган.
“Биз қўшинлар сони ортишининг сусайгани ёки тўхтаганини кўрмаяпмиз. Аксинча, уларнинг сони ортиб бормоқда”, дейди бош котиб НАТО қароргоҳида Украина Президенти Владимир Зеленский билан бўлган учрашув чоғида.
Маълумот учун, 2014 йилда Европа Иттифоқи Украинага қарашли Қрим ярим оролининг Россия томонидан босиб олиниши ортидан, Кремлга қарши санкциялар жорий этган. Санкциялар иқтисод, банк соҳаси ва бошқа йўналишларга қаратилган бўлган.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси