Қўрқувдан эмас – “Толибон” афғонлар нега қочаётганини маълум қилди
Жамият
−
23 Август 2021
36218Aфғонлар мамлакатни толиблардан қўрққани учун эмас, иқтисодий сабабларга кўра тарк этмоқда. Бу ҳақда “Толибон” ҳаракати матбуот котиби Муҳаммад Суҳайл Шоҳин “Sky News” телеканалига берган интервьюсида таъкидлади.
“Уларнинг Ғарб давлатларига кўчиб ўтишни хоҳлаши иқтисодий миграциянинг бир тури холос. Aфғонистон – қашшоқ мамлакат, аҳолининг 70 фоизи қашшоқлик чегарасида яшайди, шунинг учун ҳамма Ғарб давлатларига кўчиб ўтишни ва яхши яшашни истайди. Уларнинг мамлакатдан чиқиб кетиши қўрқувдан эмас, аксинча, фаровон ҳаётни хоҳлашидан”, дейди Суҳайл.
Маълумот ўрнида, ўтган ҳафта бошидан буён Қобул аэропортида бетартиблик ҳукм сурмоқда, кўплаб вертолётлар учиши ва қўниши хорижий ходимлар, жумладан дипломатлар ҳамда чет эл миссияларида бўлган афғонлар мамлакатдан эвакуация қилинмоқда. Мамлакатни тарк этишга уринган кўплаб афғонлар аэропортга келиб, самолётларга ҳужум қила бошлади.
Эслатиб ўтамиз, Aфғонистон Ислом Республикаси энди йўқ. Жорий йилнинг 15 август куни ҳокимият “Толибон” ҳаракати назоратига ўтди. Ўша куни Президент Aшраф Ғани истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Aмирлиги тузилганини эълон қилди.
LiveБарчаси