“Қўрқинчли таътил”: Инсониятни даҳшатга солган пандемия бир ёшга тўлди

Таҳлил

image

Хитой Ҳукумати Ухань шаҳридаги шифохоналарнинг биридаги беморда пневмония келтириб чиқарган, илгари фанга ҳам, тиббиётга ҳам номаълум бўлган вирусни аниқлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 9 январдаги хабари айнан шундай бошланди. Ўша пайтда Ер сайёрасининг ҳеч бир даҳоси, олим-у фузалоси инсониятни нималар кутиб турганини билмас эди. 

Хитойда пайдо бўлган номаълум вирус, аниқроғи SARS-CoV-2 бутун дунё бўйлаб саёҳатини бошлаб юборди. Қисқа вақт ичида ушбу вирус 114 та давлатда қайд этилиб, 118 минг одамга юқишга улгурди. Вируснинг бу қадар тез тарқалиши туфайли ўтган йилнинг 11 март куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунёда коронавирус пандемияси бошланганини эълон қилди. Бу вирус бутун инсониятга хавф солиши мумкинлигидан далолат эди. 

Ушбу тарихий кунга ҳам бир йил тўлди. Бу қисқа фурсат ичида сўзлашув луғатида карантин, масофавий таълим, онлайн, пандемия, тиббий ниқоб, вакцина ва изоляция каби сўзлар трендга чиқди. Албатта, бежизга эмас: инсонларнинг ҳаёт тарзи ҳам шунга яраша ўзгарди. 

Бир йилдан буён коронавирус инсоният билан бирга яшаб келмоқда. Бу вақт давомида дунё ҳамжамияти вирусга қарши жиддий курашди. Жуда кўп инсонлар ўз яқинларидан айрилди, баъзи бир соҳа вакиллари иш ўринларини йўқотган бўлса, бошқа бирлари бутун бошли бизнесидан мосуво бўлди. Барчанинг эътибори вирусдалигидан фойдаланиб қолган сиёсатчилар ҳам топилди. Кимдир популистлик қилиб, сиёсий обрў орттирмоқчи бўлган бўлса, яна кимдир Конститутцияга ими-жимида ўзгартириш ҳам киритиб олди. Баъзи давлатларда узоқ йиллардан буён эътиборсиз қолдирилган ижтимоий муаммолар COVID-19 га қарши курашда панд берди. Оғир ўтган бир йил натижасига кўра, алоҳида қайсидир шахслар ютган бўлиши мумкин, лекин умумий ҳисобда бутун инсоният мағлубиятга учради.

Энг кўп зарар кўрган соҳалар

АҚШнинг S&P Global компанияси 2020 йилнинг январь ва август ойлари бўйича ўтказган изланиш натижаларига кўра, хизмат кўрсатиш пандемия вақтида энг кўп зарар кўрган соҳа, деб топилди. Аниқроғи, авиация саноати ушбу рейтингда биринчи ўринда турибди. БМТнинг Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотига кўра, 2020 йилда йўловчилар сони 1,8 миллиардни ташкил этган, ваҳоланки бир йил олдин, яъни 2019 йилда ушбу кўрсаткич 4,5 миллиарддан ортиқ бўлган. Бунинг оқибатида авиакомпаниялар 370 миллиард АҚШ доллари миқдорида зарар кўрган.  

Бундан ташқари, спорт зал ва майдончалар, меҳмонхоналар каби дам олиш масканлари, шунингдек ресторан бизнеси пандемия вақтида энг кўп зарар кўрган соҳалар ичида 2-ўриндан жой олган. 3-ўринда эса нефть ва газ қазиб олиш саноати қайд этилган. 

Пандемияда ишсиз қолган касб эгалари

Бўш иш ўринларини излаш ва тақдим қилиш бўйича АҚШнинг Glassdoor компанияси маълумотларига кўра, бир қатор касблар пандемия вақтида нафақат зарар кўрган, балки айнан коронавирус таъсири остида яқин келажакда улар умуман йўқолиб кетиши мумкин. Glassdoor компанияси экспертлари бундай кескин бурилишни карантин вақтида истеъмолчиларнинг қараш ва дидлари ўзгаргани билан изоҳлаган. 

Бундан ташқари, баъзи бир касбларнинг фаолияти виртуал, аниқроғи онлайн форматга кўчгани туфайли иш ўринларида қисқариш юз берган. Бундай ҳолат асосий вазифаси ташкилий ишлар билан боғлиқ бўлган касбларда кузатилди. Жумладан, анъанавий дарслар, маросим ва учрашувларни ташкил қилувчи координаторларга эҳтиёж камайган. Яна бир яққол мисол: ҳар хил соғломлаштириш спорт турлари бўйича мураббийларга ҳам талаб сусайган. Карантин вақтида мураббийларнинг фаолияти катта ҳажмда YouTube каби платформалар ҳамда интернет оламига кўчди. Бу эса миллионлаб истеъмолчиларнинг эҳтиёжи биргина мураббий билан қондирилишига олиб келди. Булар сирасига ўқитувчи ва профессорларни ҳам киритса бўлади.

Қайси давлатлар энг кўп иқтисодий зарар кўрди?

Тадқиқотчиларнинг қайд этишича, пандемия вақтида давлатларнинг кўрган умумий зарари 2008 йилдаги молиявий инқироздан 4 баробар кўпроқ бўлган. “Bloomberg” нашри эса Испанияни Европада энг кўп зарар кўрган давлат, деб топди. Ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилнинг иккинчи ярмида Испания иқтисодиёти 18,5 фоизга қисқарган. 

Жаҳон банкига кўра, дунё бўйича Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси мамлакатлари коронавирус инқирозидан энг кўп зарар кўрган. Бунга ушбу минтақада ташқи савдонинг тўхтаб қолгани, иқтисодий ноаниқлик кучайиб кетгани, туризмнинг синиши ва бир неча ойлаб давом этган карантин чекловлари сабаб бўлган.   

Пандемия кимга қўл келди?

Ушбу савол доирасида Россия Президенти Владимир Путинни эслаб ўтиш лозим. Айнан Путин Россияси коронавирусга қарши вакцинани биринчилардан бўлиб яратди. “Спутник V” деб номланган ушбу вакцина бошқа муқобил вариантларига қараганда арзон ва бир ҳудуддан бошқасига олиб келиш, сақлаш ҳамда қўллаш шароитлари қулайроқ. Бу омил ҳам Путиннинг фойдасига ишламай қолмади.

Путин ҳукуматига қарши мухолифатчи Навальний Россияда суд қилиниб қамоққа ташланган, буни Ғарб мамлакатлари босим остига олаётган бир вақтда, Европа Иттифоқи давлатларида Россиянинг “Спутник V” вакцинасига эҳтиёж пайдо бўлиши, албатта, Путинга қўл келди.

Бошқа бир қизиқ ҳолат Хитой билан боғлиқ. Гап шундаки, Хитойнинг ўзи коронавируснинг ўчоғи бўлган бўлса-да, яхлит бир заводдек тартиб билан ишлаш эвазига ушбу балодан биринчи бўлиб қутилди.

Энг аҳамиятли жиҳати Хитой инқирозли 2020 йилдан иқтисодий ўсиш билан чиққан дунёдаги ягона давлат бўлди. Атрофга назар ташласанса, барча давлатлар коронавирус келтириб чиқарган иқтисодий инқироз ва унинг оқибаталри билан курашётган пайтда ушбу вирус “муаллифи” бўлган Хитойда вазият бошқача. Қизиқ ҳолат.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

82

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг