Қурилиш вазирлиги қимматбаҳо Land Cruiser’ни танловсиз сотиб олмоқчилиги Молия вазирлиги эътирозига сабаб бўлди
Жамият
−
15 Май 2020
14558Ўзбекистон Молия вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг Қурилиш вазирлиги Land Cruiser 200 русумли автомашина харидини истисно тариқасида танловларсиз, тўғридан тўғри шартнома асосида амалга ошириши кўзда тутилган ҳужжат лойиҳасига муносабат билдириб, лойиҳа қонунчиликдаги баъзи талабларга зид эканини айтиб ўтди.
Вазирликнинг таъкидлашича, фармойиш лойиҳасида тўғридан тўғри шартнома асосида давлат харидини амалга ошириш бўйича киритилган норма давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига зид. Шунинг учун, Молия вазирлиги уни чиқариб ташлаш таклифини билдирган.
“Давлат харидларида очиқлик ва шаффофликни, рақобат ва холисликни, асосланганликни, молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлигини таъминлаш давр талаби.
Молия вазирлигига2020 йил 7 май куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасинингфармойиши лойиҳаси келишиш учун келиб тушди.
Мазкур фармойиш лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида “Land Cruiser 200” русумли автомашинаси харидини истисно тариқасида танловларсиз, тўғридан-тўғри шартнома асосида амалга ошириш вазифаси юклатилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунининг мақсади давлат харидлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонуннинг 4-12-моддаларида давлат харидларининг асосий принциплари белгиланган бўлиб, мазкур принциплар давлат харидлари жараёнининг барча босқичларида қўлланилиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги ПФ-5780-сонли Фармоннинг 27-бандида вазирлик ва идоралар, шунингдек, хўжалик бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг давлат харидларини амалга оширишда истисно тарзида тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ҳуқуқини беришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш тақиқланган.
Фармойиш лойиҳасида тўғридан-тўғри шартнома асосида давлат харидини амалга ошириш бўйича киритилган норма давлат харидлари тўғрисидаги қонунҳужжатлари талабларига зид бўлганлиги сабабли, шунингдек давлат харидларини очиқлик ва шаффофлик, рақобат ва холислик, молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги каби принципларга таянган ҳолда амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ушбу нормани чиқариб ташлаш бўйича Молия вазирлигининг таклифи билдирилди”, дейилади вазирлик баёнотида.
Маълумот учун, Toyota компаниясининг Ўзбекистондаги дилери сайтида кўрсатилишича, Land Cruiser 200 русумли йўлтанламас автомобили модификациясига қараб 1 млрд 457 млн сўм ва 1 млрд 509 млн сўмдан сотилади.
LiveБарчаси