Қурилиш материаллари саноатида хорижнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорлик кенгаймоқда
Бизнес
−
26 Сентябрь 2023
3598Жорий йилнинг 22 сентябрь куни Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича Кенгаш раиси Сахи Аннакличев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Пекин шаҳрида “China National Building Material” (CNBM) корпорацияси мутасаддилари билан қатор амалий учрашувлар ўтказди.
Давлатимиз раҳбари томонидан саноатни ривожлантиришда етакчи мамлакатлар тажрибасини ўзлаштиришга қаратилган қатор вазифалар белгиланган. Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича Кенгаш томонидан бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Нафақат Хитойда, балки дунё қурилиш материаллари саноатида пешқадам компаниялардан бири ҳисобланган “China National Building Material” корпорацияси билан ўтказилган учрашувлар ҳам икки томонлама манфаатли келишувларга бой бўлди. Корпорация президенти, жаноб Рушан Вэй Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолаб, қурилиш материаллари саноатининг жадал тараққий этаётгани кўплаб хорижий инвесторлар каби Хитойда ҳам катта қизиқиш билан қаралаётганини урғулади.
Ишчи гуруҳ аъзолари CNBM корпорацияси фаолияти, хусусан, хом ашё сифати, ишлаб чиқариш ва синов-лаборатория жараёнлари, кадрлар тайёрлаш ва улар салоҳиятини ошириш борасидаги ишлар билан танишди.
Қайд этиш жоиз, 40 йилдан бери фаолият кўрсатаётган CNBM корпорацияси қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда дунёда энг йирик компаниялар сирасига киради. Йилига 525 млн. тонна цемент, 460 млн. тонна бетон, 2,3 млн. тонна толали шиша, 2,2 млрд. метр куб гипсокартон ишлаб чиқариш қувватига эга.
Корпорация таркибида, шунингдек, нафақат қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, балки саноатнинг бошқа тармоқлари учун ҳам технолог-муҳандислар тайёрлашга ихтисослашган қурилиш материаллари академияси (China building materials academy) фаолияти йўлга қўйилган. Илм даргоҳида саноатда инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда янги технологияларни яратиш устида ҳам илмий-амалий иш олиб борилади.
Хусусан, айни пайтда таркибида углеводороди кам бўлган цемент (бино иншоотларнинг мустаҳкамлигини оширади ва узоқ йиллар хизмат қилишини таъминлайди) ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича иш олиб борилаётгани таъкидланди.
Учрашувлар давомида CNBM корпорацияси ва унинг таркибидаги “Jushi” Co., Ltd (шиша толасидан кенг фойдаланган ҳолда) компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантиришга қаратилган, ҳудудларда мавжуд хом ашё захираларидан келиб чиқиб, қатор қўшма лойиҳалар, жумладан, юқори маркали цементнинг янги турлари, бетон, композит материаллари, каолиндан тайёр маҳсулотлар, юқори босимга чидамли композит қувурлар ҳамда деворбоп ўтга чидамли композит панеллар ишлаб чиқариш сингари лойиҳаларни амалга оширишга келишилди.
Шунингдек, Сиджоу шаҳридаги “Sinoma Design And Research Institute Of Non-metallic Minerals Industry” Co., Ltd институти билан ҳамкорлик ўрнатилди. 1959 йилда ташкил этилган институт нометалл фойдали қазилмаларни таркибини ўрганиш, уларни бойитиш ва юқори сифатли, янги турдаги, энергиятежамкор қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда фойдаланиш бўйича илмий тадқиқот ишларини олиб боради ҳамда бино иншоотларни (маъмурий, турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари) лойиҳалаштириш хизматини кўрсатади.
Жумладан, институтда саноатда кенг фойдаланиладиган графит, каолин, бентонит, нефелин, кварц қуми, дала шпати, воллостонит ва шу каби 30 дан ортиқ фойдали қазилмалар таркибини ўрганиш ва бойитиш бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб борилади.
Бир сўз билан айтганда, CNBM корпорацияси билан йўлга қўйилаётган ҳамкорлик муносабатлари мамлакатимизда қурилиш материаллари саноатида хорижий инвестициялар кўламининг ошиши, замонавий технологиялар, янги билим ва кўникмаларнинг ўзлаштирилишига замин яратади.
Банк Ахборот хизмати
Реклама ҳуқуқи асосида
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь