Қуръони Карим ноёб қўлёзмасини ўғирлаган жиноятчилар жавобгарликка тортилди

3-саҳифа

image

Чортоқ туманида яшовчи 40 ёшли фуқаро 2022 йил 10 август куни Наманган шаҳрида истиқомат қилган эски таниши ва жиноий шериги билан бирга “Қуръони Карим” китобини ўғирлагани учун жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман суди раиси Иброҳим Жабборов маълум қилди.

Маълумотларга кўра, мазкур “Қуръони Карим” китоби 1874 йилда ҳаттотлар томонидан кўчирилган нодир қўлёзма ҳисобланган.

“Фуқаро Э.А ва унинг жиноий шкриги Р.Ш юзларига ниқоб, қўлларига ишчи қўлқоп кийиб, тунги соат 01:00ларда туманнинг “Балиқкўл” маҳалласида жойлашган “Султон Увайс Қароний” зиёратгоҳи музейига келишади. Аввалига чор-атрофни кузатиб, ҳеч кимса йўқлигига ишонч ҳосил қилишади. Шунга қарамай, содир этилажак жиноятларини яшириш мақсадида зиёратгоҳ чироқларини асосий тармоқдан узган ҳолда ўчиришади. Сўнгра музейда сақланаётган, 1874 йилда ҳаттотлар томонидан кўчирилган нодир қўлёзмали “Қуръони Карим” китобини ўғирлаб чиқишади. Ташқарига чиққач, Э.А муқаддас китобни ўзининг Cobalt автомашинаси юкхонасига жойлайди. Кейин Наманган шаҳрига келиб, каломуллоҳни Р.Ш синглиси Н.Ш.нинг хонадонига яшириб қўйишади. Аммо хонадон соҳибасига китобнинг ўғирланганини айтишмайди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, зиёратгоҳ ҳудуди ва атрофига ўрнатилган видеокузатув мосламаларидаги камера ёзувлари сабаб ўғрилар тез орада қўлга олинган. Натижада китоб “Султон Увайс Қароний” зиёратгоҳига қайтарилган, жиноятчиларга нисбатан эса жиноят иши қўзғатилган.

“Ўзбекистон Республикаси туризм ва маданий меърос агентлигининг 2022 йил 22 декабрдаги санъатшунослик экспертизаси хулосасида, нодир “Қуръони карим” китобининг мамлакатимиз ички бозоридаги баҳоси 92.000.000 сўм деб белгиланган. Яқинда мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман судида кўриб чиқилди. Суд Э.А ва Р.Ш.ни Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “в” банди билан айбдор деб топиб, уларни озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди”, дея таъкидланади хабарда.

Шу билан бирга, суд туманнинг 2-сектор раҳбарига бириктирилган “Балиқкўл” маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари томонидан судланувчи Э.А.нинг оилавий аҳволи ўз вақтида ўрганилмагани, профилактик тадбирлар ўтказилмагани, уни иш билан таъминлаш чоралари кўрилмагани, хулқ-атвори эътиборсиз қолдирилгани, муқаддам судланган шахслар билан ишлаш ҳолати юзаки эканлиги юқоридаги жиноятга сабаб бўлган деб ҳисоблаган.

“Бундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш мақсадида хусусий ажрим чиқарилиб, маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддилари ва ҳудуд профилактика инспекторига юборилди”, деб қўшимча қилинган хабарда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг