Қўлларим ярамади. Оёқларимда уддаладим
Интервью
−
06 Январь 2023
9580Имконсизликдан имкон топаётганларни излашда давом этамиз. Бу гал манзилимиз Избоскан туманидаги аёллар “Мурувват” уйи бўлди. Бу ерда 324 нафар имконияти чекланган хотин-қизлар яшайди, лек улар ўзини имконияти чекланган деб ҳисобламайди. Улардан бири Моҳидил Ботирова. Унинг қўллари меҳнатга ярамаса-да, у имкониятлар эшигини оёқлари билан очяпти. Буни оқ қоғозга оёқларида чиройли расм тушира олишидан билиш қийин эмас.
“Оёғимда расм чизаман, оёғимда юзмни юваман, тишларимни ҳам оёқларимда тозалайман”, дейди у.
Нозик ва нафис ҳаракатланадиган бармоқлар нафақат қаламни, игнани ҳам ўзига бўйсундира олган. У ҳеч қандай қийинчиликсиз оёқларида игнадан ип ўтказиб, кашта тика олади. Бироқ қаҳрамонимизга тикиш, бичиш аввалига осон бўлмаган. Қўл бармоқларининг ҳаракатисиз ишлатилган игна унинг оёқларини кўп марта яралагани рост.
“Биринчисида қийин бўлган. “Ўрганмайман”, деб туриб олганман. Опаларим “Ўрганасан”, деб базўр кўндиришган. Оёқларимга игна кириб кетган пайитлар ҳам бўлган, лекин мен асло чекинмаганман”, дейди Моҳидил.
Ота-она меҳридан болалигидаёқ маҳрум қилинган қаҳрамонимиз ўзи учун хақиқий меҳр ва эътиборни мурувват уйидан топган.
“Болалигимда мени болалар уйининг эшиги тагига ташлаб кетишган. Мен ота-онамни кимлигини ҳам билмайман. Шу ердагилар мени ота-онам. Менга бошқа ота-она керакмас, чунки ногиронлигим сабаб улар мендан воз кечган”, дейди қаҳрамонимиз.
Моҳидил учун қўл юмушларини оёқларида бажариш оддий хол. Уни қўлларидаги нуқсон соғлом инсон бажариши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатдан чеклолмаган.
Биз учун тик туриш, юриш, югуриш вазифасини ўтовчи оёқларимизга нисбатан Моҳидилникининг вазифалари кўп: оёқларда ювинишдан тортиб, ўзига оро беришгача.
"Байрамларга, кўчага чиққанимизда доим ўзимга оро бераман. Ўзим идишларни очиб, ўзим ёпиб, ўзим безана оламан. Менга ҳеч кимнинг ёрдами керак эмас", дейди қаҳрамонимиз.
Бу мурувват уйи тарбияланувчиларининг ҳеч бири ҳаётдан ҳафа эмас. Имконияти чекланганидан нолимайди, аксинча, ўзи учун имкониятлар эшигини очади. Қўллар ярамаса, оёқлари билан...
Акобир Мисиралиев
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь